Айрим оилаларга газ ва “свет” тўловининг бир қисми компенсация қилинади
Local
−
10 June 4374 3 minutes
Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ҳамда табиий газ учун компенсация тўлаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йилнинг 1 январида қабул қилинган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, давлат томонидан электр энергияси ва табиий газнинг белгиланган базавий меъёрдан ошган қисми учун кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга компенсация ажратилади.
Компенсация “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилаларга, шунингдек, реестрга киритилмаган бўлса-да, моддий аҳволига кўра “давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” мезонларига тўғри келадиган, оилада жон бошига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатларининг 1,5 бараваридан ошмайдиган хонадонларга берилади.
Давлат қанча миқдордаги ортиқча истеъмолни қоплайди?
Компенсация миқдори оиланинг ўтган ойдаги ҳақиқий истеъмолидан келиб чиқиб, тизим томонидан автоматик ҳисобланади. Бироқ унда қуйидаги юқори чегаралар (лимитлар) мавжуд:
- Табиий газ учун иситиш мавсумида ойлик базавий меъёрдан ташқари яна 250 куб метргача, йилнинг бошқа даврларида эса яна 150 куб метргача бўлган ортиқча истеъмол учун;
- Электр энергияси учун йил давомида ҳар ой базавий меъёрдан ташқари яна 150 кВт соатгача бўлган ортиқча истеъмол учун.
Аризани қандай ва қачон топшириш керак?
Фуқаролар компенсация олиш учун ҳар ойнинг 16-санасига қадар Давлат хизматлари марказига, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига, ёки ҳудудга бириктирилган ижтимоий ходим ёрдамида борган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин.
Шу билан бирга, онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz ёки “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали мустақил равишда ариза топширишлари мумкин.
Ойнинг 16-санасидан кейин берилган аризалар кейинги ойда кўриб чиқилади. Хужжатга кўра, ариза берувчининг шахси Face-ID, Mobile-ID ёки бармоқ изи каби замонавий технологиялар орқали тасдиқланиши шарт.
Қайси ҳолатларда рад этилиши мумкин?
Агар оилада қуйидаги омиллардан лоақал биттаси мавжудлиги аниқланса, компенсация тайинлаш рад этилади:
- оиланинг жон бошига даромади белгиланган меъёрдан юқори бўлса;
- мулкида ёки фойдаланишида 1 тадан ортиқ уй, ер участкаси ёки нотурар жой биноси бўлса;
- ишлаб чиқарилган муддати 12 йилдан ошмаган соз енгил автомобили бўлса (агар оилада I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бўлса – лимит 7 йил);
- ишлаб чиқарилганига 15 йил тўлмаган соз юк машинаси, автобус ёки махсус қурилиш техникаси (трактор, экскаватор) бўлса;
- оилада жами 2 та ва ундан ортиқ ҳар қандай турдаги соз транспорт воситаси мавжуд бўлса.
Пуллар қачон ва қаерга тушади?
Маълумотлар автоматик текширилгач, компенсация олувчилар рўйхати шакллантирилади ва ҳар ойнинг 5-санасига қадар “Халқ банки”га юборилади. Банк компенсация маблағларини ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасига қадар фуқаронинг ижтимоий картасига ёки банк картасига ўтказиб беради.
Қарорга мувофиқ, агар оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўзгармаса, кейинги ойлар учун қайта ариза топшириш талаб этилмайди, тўловлар автоматик тарзда давом эттирилади. Ариза натижаси ҳақида фуқаронинг телефонига SМS-хабарнома юборилади.
Компенсация маблағлари ҳар ойнинг 27-санасига қадар фуқароларнинг ижтимоий ёки банк карталарига ўтказиб берилади. Бир марта тайинланган компенсация, агар оиланинг шароити ўзгармаса, кейинги ойларда автоматик тарзда тўлаб борилади.
Маълум қилинишича, мазкур хизмат мутлақо бепул бўлиб, тизим 2027 йил 1 апрелга қадар амал қилади.
Live
All