Омбудсман Бўкада ўлимга сабаб бўлган тергов жараёнини қоралаб чиқди
Жамият
−
07 Июнь 2023
9898Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова Бўкадаги қийноқ билан боғлиқ ҳолатни қоралади. Унинг билдиришича, гумонланувчи ёки айбланувчилар суриштирув ва тергов жараёнида калтакланиб, вафот этиши мумкин эмас. Бу ҳақда Омбудсман Матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, қийноққа оид хабарлар Омбудсман назоратига олиниб ўрганилмоқда. Лекин Бўкада содир бўлган ҳолат суд-тергов жараёнларида қийноқ деб аталмиш иллатга ҳали-ҳануз йўл қўйилаётганлигини тасдиқлайди.
Бўка туманида фуқаронинг вафот этиши билан тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинганини Омбудсман ижобий баҳолаган.
“Аслида биз ҳуқуқларимиз ҳимоячиси сифатида биладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари орасида Бўкадаги ҳолат мисолида қонунга хилоф иш кўрувчилар борлиги жуда ачинарли. Тизимда ишловчи барча шундай, деган фикрдан йироқмиз. Сўнгги йилларда қийноққа қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни эътироф этишимиз лозим. Лекин давлат сиёсатига қарши туриб, ўз хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган “ходимлар” бор экан, фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик юзага келади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қийноқ “жамият танасидаги касаллик” ҳисобланади. Шунингдек, омбудсман томонидан бундай касалликни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши кераклиги, у қийноқларнинг барвақт олдини олиш воситаси экани билдирилган.
Маълумот берилишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда қийноқ ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилиб, ҳаттоки, уларга нисбатан афв қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Қолаверса, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида қонунчиликка алоҳида модда киритилган ва қийноқни қўллаган шахсга нисбатан оғирлаштирувчи нормалар қўлланилиши белгиланган. Жиноят кодексининг 235-моддаси қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади.
Бундан ташқари, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича пенитенциар муассасаларга доимий равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, у ердаги шароитлар тизимли ўрганилаётгани билдирилди. У ерда сақланаётган шахслар орасида аноним сўровномалар ўтказилиб, маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда суҳбатлашиб, қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар келиб тушганда, ҳолат дарҳол назоратга олинмоқда.
“Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалган қийноқ қўлланилганига оид хабарлар ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилмоқда. Бўкадаги ҳолат ҳам Омбудсман назоратида бўлади”, дейилган хабарда.
Омбудсман айбдор шахсларни қатъий жазога тортишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент вилояти Бўка туманида ИИБ томонидан терговга жалб этилган фуқаро аҳволи ёмонлашиб, шифохонада вафот этди. Ички ишлар вазирлиги фуқаро Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилиб, махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилганини маълум қилди. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган. Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхиси У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлигини кўрсатди.
Фуқаронинг ўлимидан сўнг воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинди, шунингдек, Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бобохонов, унинг биринчи ўринбосари В.Худойқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Очилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти прокуратураси юқоридаги ҳолат юзасидан баёнот бериб, терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликни сўраб чиқди.