Бўкада терговга жалб қилиниб, вафот этган фуқаро бўйича баёнот берилди
3-саҳифа
−
07 Июнь 2023
19820Тошкент вилояти Бўка туманида ИИБ томонидан терговга жалб этилган фуқаро У.С. вафот этгани бўйича баёнот берилди. Тошкент вилояти Прокуратураси терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликни сўраб чиқди.
Эълон қилинган баёнотда айтилишича, ҳозирда ижтимоий тармоқларда ҳолат юзасидан турли асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда.
“Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишингизни сўраб қоламиз“, дейилган хабарда.
Билдирилишича, Бўка туман ИИБ томонидан терговга жалб қилинган гумонланувчи шахснинг вафот этгани ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент вилояти Бўка туманида ИИБ томонидан терговга жалб этилган фуқаро аҳволи ёмонлашиб, шифохонада вафот этди. Ички ишлар вазирлиги фуқаро Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилиб, махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилганини маълум қилди. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган. Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхиси У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлигини кўрсатди.
Фуқаронинг ўлимидан сўнг воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинди, шунингдек, Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бобохонов, унинг биринчи ўринбосари В.Худойқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Очилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
LiveБарчаси