Олмазордаги фожиа: ҳудудда 13 туп дарахт кесиб ташланди
3-саҳифа
−
03 август 2028 5 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Беруний кўчасида жойлашган собиқ “Карвонбанк” биноси ўрнида олиб борилаётган қурилиш ишлари давомида котлован ўпирилиб тушгани ва 1 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, ушбу ҳудудда 800 млн сўмлик 13 туп дарахт кесиб ташланган ва 16 туп чинор ноқонуний кўчирилиб, уларга шикаст етказилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан пойтахт Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Экополиция ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ушбу қурилиш объектида аввал ҳам экология қонунчилиги талабларининг бир неча бор бузилгани аниқланган.
Жумладан, 2025 йил 16 апрель куни ҳудуддаги 2 туп чинор дарахти белгиланган тартибдаги рухсатномаларсиз бошқа жойга кўчириб ўтказилгани аниқланиб, суд қарорига асосан ҳуқуқбузарга 24,7 млн сўм жарима ҳамда 6,6 млн сўм миқдорида табиатга етказилган зарар белгиланган.
2025 йил 24 апрель куни ўтказилган назорат тадбирида 14 туп чинор дарахти ноқонуний равишда кўчириб ўтказилиши оқибатида шикастлангани аниқланиб, суд қарорига мувофиқ 9,3 млн сўм жарима ҳамда 42 млн сўм миқдорида зарар ундирилган.
2025 йил 17 декабрь куни мазкур қурилиш майдонида 6 туп чинор, 3 туп арча ва 1 туп софора дарахти ноқонуний кесилгани оқибатида табиатга 605 млн сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган. Шунингдек, етказилган зарар суммасини ҳуқуқбузар МЧЖдан ундириш юзасидан Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан тегишли қарор қабул қилинган. Бироқ бугунги кунга қадар мазкур зарар қопланмаганлиги сабабли, суд қарорини мажбурий тартибда ижро этиш учун ҳужжатлар Мажбурий ижро бюросига юборилган.
2026 йил 13 июль куни ўтказилган навбатдаги ўрганишда яна 3 туп чинор дарахти таг қисмидан ноқонуний кесиб ташлангани аниқланиб, ҳуқуқбузарга нисбатан 10,3 млн сўм жарима ҳамда 218,3 млн сўм миқдорида зарар қўллаш юзасидан судга даъво аризаси киритилган.
2024 йил апрель ойида ушбу ҳудуд хатловдан ўтказилиб, жами 46 туп дарахт (27 туп чинор, 10 туп жийда, 3 туп айлантус ва 6 туп тут) мавжудлиги қайд этилган.


“Donmah-Imex” МЧЖга берилган давлат экологик экспертизаси хулосасини бекор қилиш юзасидан экологик талаблар бузилгани ҳамда фуқароларнинг ёзма мурожаатлари асосида “Давлат экологик экспертизаси маркази”га тегишли мурожаат юборилган.
Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда дарахт кесишга муддатсиз мораторий эълон қилинган.
Шу билан бирга, Президентнинг 2025 йил 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди.
Шунингдек, Президент 19 ноябрь куни “Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат билан 2026 йил 1 мартдан бошлаб экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилишни истисно қилиш ёки риоя этмасдан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқларини ҳамда идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш қатъий тақиқланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 1124-сон қонуни билан атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулияти кучайтирилди. Мазкур қонунга мувофиқ экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қатъийлаштирилиб, қонунчиликка тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.
Юқорида қайд этилган экология қонунчилиги бузилиши ҳолатлари тизимдаги ўзгаришлардан кейин ҳам давом этган. Табиатга етказилган зарарларни ундириш юзасидан суд қарорлари қабул қилинган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли ҳужжатлар юборилган бўлишига қарамай, экология қонунчилиги талабларини бузиш ҳолатлари такроран содир этилган.
Ўзи нима бўлган эди?
Кеча, 2 август куни Олмазор тумани Беруний кўчасида жойлашган собиқ “Карвонбанк” биноси ўрнида кўп қаватли уйларга туташ тарзда қурилиш олиб борилиши оқибатида ер ўпирилган, кўп йиллик соғлом дарахт қулаб, электр симларини узиб юборган. Оқибатда “Орзу” маҳалласи ва унга туташ ҳудудлар электр энергиясисиз қолган. “Орзу” маҳалласи турғунлари ушбу қурилиш ноқонуний олиб борилаётгани ва ҳудудда бир неча соғлом дарахтлар кесилганидан шикоят қилиб келади. Бироқ бу шикоятлар натижасиз қолмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилган. Воқеа жойида фуқаролар хавфсизлигига таҳдидни бартараф этиш, хавфли ҳудудни ўраб олиш ва унга киришни чеклаш бўйича бирламчи чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини, шунингдек, ёндаш ҳудуд, йўл қопламаси ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-(меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддаларида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.
Live
Барчаси