Олмаота-Тошкент трассасида 26 машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди (видео)
Олам
−
01 Февраль
8970Кеча, 31 январь куни Олмаота-Тошкент автомобиль йўлининг 567-километрида енгил ва юк машиналари ҳамда йўловчи автобуслари иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса вилоятнинг Жуалин туманида содир бўлган. ЙТҲ оқибатида жабрланганлар Бауйржан Момишули қишлоғидаги Жуалин марказий шифохонасига етказилган.
"Ҳозирда жабрланган 25 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улардан бири вояга етмаган бола. Унинг аҳволи ўртача. 4 нафар бемор реанимацияда. Беш киши жарроҳлик бўлимида, яна 15 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган", дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.
Жамбил вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ноқулай об-ҳаво шароити (муз, кўриш имконияти чеклангани, қор бўрони) туфайли 26 та транспорт воситаси – тўртта йўловчи автобуси, тўртта юк машинаси ва 18та енгил автомобиль тўқнашиб кетган.
Айни пайтда “Олмаота-Тошкент” республика автомобиль йўлининг 593-534-км гача бўлган қисмида транспорт ҳаракати очиқ. Йўлларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.