Олмалиқда 17 киши коронавирусдан вафот этдими?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир неча бор Ўзбекистонга коронавирус кириб келмагани ҳақида расмий баёнот берилиши, қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда ҳам мамлакатда коронавирус қайд этилмагани ҳақида ахборот берилганига қарамасдан, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга аллақачон коронавирус киргани ва ундан бир неча фуқаролар вафот этгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Навбатдаги миш-миш бугун, 12 март куни Telegram орқали тарқатилди. Унда қайд этилишича, Олмалиқ шаҳрида 17 киши коронавирусдан вафот этган. 

Дунё миқёсида бир кишининг коронавирусдан вафот этиши нари турсин, касалликка чалинишининг ўзи фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда Олмалиқда 17 кишининг ўлишига давлат қандай қилиб жим қараб туриши мумкин? Қандай қилиб буни одамлардан яшириш мумкин? 17 кишининг қариндош-уруғи, яқинлари, сиз қолиб, хабар етказадиган ишончли вакиллари йўқми? Лоф ҳам эви биланда, дегинг келади. 

Ҳолатни беэътибор қолдирмаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу миш-мишларга нисбатан қуйидагича расмий баёнот берди:

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг кириб келганлиги, ҳаттоки, Олмалиқ шаҳрида ушбу вирус туфайли 17 нафар фуқаро вафот этганлиги ҳақидаги аудиохабар мутлақо асоссиз ва ёлғон.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ёпиқ йиғилиш ўтказилганлиги ҳақидаги иддао ҳам умуман асоссиз. Аслида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.

Такрор бўлса-да, айтиб ўтиш лозимки, дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу жараён қатъий назоратга олинган.

Жумладан, давлат чегараларида мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча шифокор мутахассислар, зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолият самарадорлиги кучайтирилди.

Мазкур пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан тиббий кузатув йўлга қўйилган. Сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг 15 январидан айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5082 нафарида ҳеч қандай инфекция аломатлари аниқланмаганлиги учун кузатувдан чиқарилган, 2214 нафар фуқароларда эса тиббий кузатув давом эттирилмоқда”.

Маълумот ўрнида, дунё миқёсида коронавирусдан хасталанганлар 129 347 нафарга етди. Вафот этганлар эса 4749 нафарни ташкил этмоқда. 68 661 киши эса ушбу дарддан фориғ бўлди. 

Айни пайтга қадар юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон бир ҳолат аниқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Олмалиқ коронавирус

Баҳолаганлар

1434

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг