Олимжон Ҳайдаровга чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди
3-саҳифа
−
29 Декабрь 2023
8498Кеча, 28 декабрь куни блогер Олимжон Ҳайдаровнинг ҳимоячиси томонидан жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти кўриб чиқилди. Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер Олимжон Ҳайдаров (1989 йилда Россия Федерациясида туғилган, блогер, “Turon mujdasi” ва “Turon valley media” МЧЖлари директори, муқaддaм судлaнмагaн)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган эди.
Эълон қилган ҳукмга кўра:
Олимжон Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди чиқарилиб, Олимжон Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги Олимжон Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.
Жабрланувчи С.М.га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.
LiveБарчаси