Олис ҳудудларга ишга борган битирувчиларга ёрдам пули ва уй ажратилади

Жамият 3619
image

Жорий йилда 451 мингдан зиёд ёшлар мактабларни ва 188 минг нафари коллежларни тамомлади. 71 минг нафар талаба олий ўқув юртларини битирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўткан видеоселектор йиғилишида қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу йилги битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Бу йил қабул қамрови кенгайгани натижасида мактаб ва коллеж битирувчиларининг 103 минг нафари олий таълим муассасаларига ва 90 мингтаси коллеж-техникумларга ўқишга кирганда ҳам, бошқаларининг бандлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. 

“Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми?”, дея саволлар қўйди Президент.

Масалан, Сурхондарё вилоятида қарийб 2 минг нафар талаба педагогика йўналишларини битирмоқда. Айни пайтда Сариосиё, Олтинсой ва Узун туманларидаги қишлоқ мактабларида ўқитувчилар етишмайди. Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари шу битирувчилар билан учрашиб, уларни ишга йўналтиришга ёрдам бериши кераклиги таъкидланди. Бош вазир ўринбосарларига олис ҳудудларга ишга борадиган ёш мутахассисларни рағбатлантириш, улар учун бошланғич ёрдам пули ва уй-жой ажратиш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда “Ишга марҳамат” моно-марказлари ташкил этиш, ёшларни касбга ва тадбиркорлик асосларига ўргатиш масканлари ҳамда маҳалла гузарларида ўқув курслари очиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, 8 июнь куни Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 24 тадан 67 тага оширилиб, рухсат олиш талаблари ва солиқ тўловлари деярли бекор қилинди. Бу бандликни таъминлаш борасида катта ресурс экани таъкидлаб ўтилди.

Марказий банкка ўзини ўзи банд қилган шахслар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш, Молия вазирлигига тадбиркорликни бошлаётган ишсиз фуқарога 3 ой мобайнида бино-иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия бериш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 81
Рейтинг: 2.9
t
×