Океанортидан 200 дан ортиқ ўзбекистонлик олиб келинди
Жамият
−
01 Август 2020
6265Кеча, 31 июль куни Америка ва Канададан бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари махсус рейс билан олиб келинди. Уларнинг орасида америкалик дипломатлар ҳам бор. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Uzbekistan Airways компаниясининг Нью-Йоркдан парвоз қилган самолёти Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди.
Сўнгги чартер рейс билан Ўзбекистонга жами 256 нафар йўловчи (4 нафари чақалоқ) олиб келинди. Шундан 238 нафари Ўзбекистон фуқароси, 18 нафар эса америкалик дипломат ва уларнинг оила аъзоларидир.
Республика махсус комиссияси жорий қилган тартибга кўра, махсус рейс йўловчилари карантин марказлари ёки ўз танловларига кўра меҳмонхоналарда 10 кунлик карантинда бўлишади. Айни пайтда йўловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо йўқ.
Қайд этилиишча, АҚШдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига Америка қитъасидаги мамлакатларда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларидан жами 1 минг 881 та мурожаат келиб тушган. Бугунгача уларнинг 1 минг 26 нафари Ватанга қайтарилган.
31 июль ҳолатига кўра, яна 815 киши Ўзбекистонга қайтиш истагида. Кейинги чартер рейсларда уйга қайтишни истаган йўловчилар рўйхатини шакллантириш ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан 16 мартдан бошлаб барча халқаро рейслар, шу жумладан Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналишида мунтазам йўловчи қатновлари тўхтатилган.
“Вашингтондаги элчихона ва Нью-Йоркдаги консуллик идоралари ватандошларимиздан пандемия пайтида юзага келган вазиятни тўғри тушунишларини сўрайди. АҚШ, Канада ва Америка қитъасининг бошқа штатларида истиқомат қилувчи фуқароларга яшаш учун рухсатнома асосида ва Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштирганларга сафарни эпидемиологик вазият нормаллашгунга қадар ортга суришларини тавсия қилади. Агар бунинг иложи бўлмаса, фуқаролар АҚШдан Ўзбекистонга кейинги чартер рейслар учун шакллантирилаётган йўловчилар рўйхатига киритилиши учун элчихона ёки Бош консулликка мурожаат қилишлари зарур”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси