“Оқ-тепа лаваш”нинг барча савдо нуқталари ёпиб қўйилди

Жамият

4 июнь куни Тошкентдаги “Оқ-тепа лаваш” тамаддихоналарида 15 киши заҳарлангани ҳақидаги хабар сизнинг ҳам қулоғингизга чалингандир. Заҳарланганларнинг уч нафари оғир аҳволда эди. Кеча, 7 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги баёнотни эълон қилди. Унда заҳарланганлар сони 26 нафарга ортгани, масала жиддий тус олгани айтилади. Уч кун ичида заҳарланганлар умумий ҳисобда 41 кишини ташкил этди. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Овқат токсикоинфекцияси”, “Ўткир ичак касаллиги” ва “Ўткир диарея” бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган. 

Айни ватга келиб Тошкент шаҳрида жойлашган барча – 14 та “Оқ-тепа лаваш” тармоқ ошхоналари ёпиб қўйилган. Бўлган ҳодисалардан эса тармоқ ошхонанинг 400 нафар ходими ҳам ҳайратда. Бу ҳақда “Оқ-тепа лаваш” МЧЖ директори Ҳаёт Ғуломов шундай дейди:

“400 кишилик жамоамиз учун ҳам ниҳоятда кутилмаган ҳодиса. Чунки, бутун маҳсулотларнинг ҳаммаси нон цехимизда, лаваш цехимизда чиқарилади. Гўшт ва товуқ маҳсулотлари ҳаммаси тайёр маҳсулот сифатида қайта ишланиб, савдо нуқталаримизга олиб келинади. Шунинг учун 10 йиллик фаолиятимиз давомида ҳеч қандай ҳодисалар бўлган эмас. 

Сергели ва Қўйлиқда бўлган воқеа хусусида шуни айтишим мумкинки, 4 июнь куни кечқурун автоматнинг яхши ишламаслиги сабабли электр тармоғида узилиш бўлган. Лекин, хулоса қилишга ҳали эрта. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология станцияси савдо нуқталаримизда текшириш ишларини олиб боришмоқда. Маҳсулотлар ҳаммаси олинган. Улар лаборатория текширувидан ўтмоқда. Ўша текширув натижалар чиққанидан кейингина биз аниқ хулосани айтишимиз мумкин. 

Ҳозирда “Оқ-тепа лаваш” корхонаси раҳбарлари ҳаммаси қайси шифохонада бизнинг мижозимиз бўлса, ҳаммаси билан алоқада, ҳаммасидан хабар олишяпти, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишяпти. Уларнинг тузалиб кетиши учун нима керак бўлса, ҳаммасини қиламиз”.

Маълумот ўрнида, беморларнинг 16 нафари Миробод тумани “Қўйлиқ-5” массивида жойлашган, 19 нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида, 3 нафари Учтепа туманида, 1 нафари Шайхонтоҳур туманидаги Чорсу бозори ҳудудида, 1 нафари Олмазор туманида жойлашган “Оқ-тепа лаваш” умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични ва яна бир нафар фуқаро буюртма асосида келтирилган маҳсулотни ўз хонадонида  истеъмол қилган.

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда “Оқ-тепа лаваш” раҳбариятига нисбатан яхшигина эътирозлар келиб чиқмоқда. Раҳбарият таъкидлаганидек, автоматда электр энергияси узилиши билан боғлиқ муаммо юзага келди ҳам дейлик, аммо нима учун бир жойдан эмас, ҳар хил нуқталардан таом истеъмол қилган хўрандалар заҳарланди. Ахир электр тармоғи ҳамма жойда бир вақтда узилмагандир. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Овқатдан заҳарланиш Оқтепа лаваш

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made