41 кишининг заҳарланишида фақат “Оқ-тепа лаваш” айбдорми?
Таҳлил
−
10 Июнь 2019
10795Болалигимиздан ота-онамиз билан бозорга бориб, қорнимиз очгудек бўлса, уни-буни олиб беринг дейишдан тийилганмиз. Уларни чиқимдан аяганимиз учун эмас, бозордаги овқатларни еб, бирор касалликни юқтириб олишдан, жуда бўлмаганда, кинна киришидан қўрққанимиз учун. Бу бундан 20 йил аввалги хотиралар. Аммо бу фикр менда ҳамон ўзгармади. Чунки, ўзбек ошхоналаридаги санитарияда 20 йилда ҳам катта ўзагариш бўлгани йўқ.
Куни кеча “Оқ-тепа лаваш” тамаддихоналарида 41 киши заҳарлангани ҳақидаги хабар сизнинг ҳам қулоғингизга чалингандир. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Овқат токсикоинфекцияси”, “Ўткир ичак касаллиги” ва “Ўткир диарея” бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Беморларнинг 16 нафари ўз касалликларини Миробод тумани “Қўйлиқ-5” массивида жойлашган, 19 нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида, 3 нафари Учтепа туманида, 1 нафари Шайхонтоҳур туманидаги Чорсу бозори ҳудудида, 1 нафари Олмазор туманида жойлашган “Оқ-тепа лаваш” умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични ва яна бир нафар фуқаро буюртма асосида келтирилган маҳсулотни ўз хонадонида истеъмол қилган.
Халқимиз кўча таомлари, яримтайёр маҳсулотларга жуда ўрганган. Айниқса, ёз ойларида кўп қаватли уйда диққа нафас бўлиб ўтиргандан, оила даврасида уйи яқинидаги “фаст-фуд”га боришни маъқул кўрадиганлар кўп. Қолаверса, аҳолининг асосий қисми топаётган даромад кунда тузук ресторанларда тушлик қилиш учун етмайди. Одамлар ўзини арзон ошхонага уради. “Фаст-фуд”ларнинг аксарияти халқнинг чўнтагига мос, ўртамиёна, хизмат сифати ҳам, сервис ҳам ҳамин қадар. Сочи ёйилган, тирноғига лакни бежаган официант қизлар, қўлини тонгдан бери сувга олиб бормаган айрим йигитлар шу ошхоналарда елиб-югуриб хизмат қилади. Баъзиларнинг бу ерда оқватланишга кўнгли тортмайди, бошқалар эътиборсиз. Чала ювилган, лаб бўёғи қолиб кетган стаканлар, устида ёғи қотган ликоплар... Бу оддий хўранда кўриб, пайқаб турган хатолар. Ошхонага бош суқсангиз ҳақиқий манзара қандайлигини кўрасиз, бу тасвирдан кейин овқатланишга кўнглингиз тортадими-йўқми, буёғи ҳам шахсий ишингиз.
Ўтган йили пойтахтда жойлашган “Оқ-тепа лаваш” шохобчасида сувараклар борлиги тасвирланган видеолар тарқалди. Шахобча ходимлари халқдан узр сўраб чиқди, ошхона бир неча кунга ёпилди. Оз фурсатда қайта иш бошлаб, яна аввалги мавқеини тиклаб олди. Хўш, ундаги санитария-эпидемиология ҳолати яхшиландими? Яхшиланганда бугунгидек 41 киши заҳарланармиди, деган савол сизда ҳам туғилаётган бўлиши табиий ва сиз қайсидир маънода ҳақсиз.
Бундан бир неча кун аввал, “Оқ-тепа лаваш” раҳбарияти бўлиб ўтган воқеалардан ҳайратда эканини маълум қилиб, бунга маҳсулотлар сақланиши жараёнида тунда электр тармоғида узилиш кузатилганини айтиб чиқди. Бир тарафдан олиб қарасангиз, у шўрликни ҳам тушунса бўлади. Кучли шамол “Оқтепачи”ларнинг музлатгичи уланган электр токи симини ҳам четлаб ўтмагандир, шу боис электр тармоғида узилиш бўлиб, маҳсулотлар айниб қолгандир, дейиш мумкин. Аммо, музлатгичдан ошхонага етиб бораётган маҳсулотнинг сифати нима учун назоратга олинмаган? Нимага электр токи узилгани маълум бўлса ҳам, маҳсулотлар шохобчаларга етказиб берилган? Нега электр токи узилиши билан боғлиқ ҳолатлар инобатга олиниб, фавқулодда вазиятлар учун генератордан фойдаланилмаган? Бу каби саволлар жуда кўп. Ошхона очган киши шунчаки тадбиркор, унинг қўл остида меҳнат қилаётганлар эса оддий ишчи эмас, балки минглаб, миллионлаб одамлар ҳаётига масъул бўлган шахслардир. Хўш, улар бугунгача бу масъулиятни ҳис қилдими? Йўқ, албатта. Буни нафақат “Оқ-тепа” мисолида, балки республикадаги юзлаб ресторан ва “фаст-фуд”лар, “пирожки”чи опахонлар мисолида айтиш мумкин.
Қачон, қачон, қачон? Қачон фалон мамлакатга ўхшаймиз? Қачон пистон нарса бизда ҳам бўлади? Бундай саволлар сон-саноқсиз. Лекин, Европа бўладими ёки бошқа қитъанинг ривожланган мамлакатлари, улар автоматлаштирилгани йўқ. Программалаштирилиб, ҳаммаси ўз-ўзидан бунёд ҳам бўлгани йўқ. Стандарт ҳам, маданият ҳам, этика ҳам йиллар давомида ҳаракат ва харажат эвазига қозонилди. Айтайлик, кўплаб мамлакатларда рестораторлик шунчаки бизнес эмас, балки ўзига яраша таълимни талаб қилувчи соҳа саналади. Оддийгина официант бўлиш учун ҳам минг жиғириқдан ўтиш керак. Сочи ёйилган, тирноғи бўялган ҳамшира қанчалик одамларнинг жиғига тегса, ҳудди шу алфоздаги официант ҳам мижознинг кўнглини айнитади. Аммо, бизда буларга қанчалик амал қилинаётганини ўзингиз ҳар куни кўриб, гувоҳ бўлиб турибсиз.
Танганинг иккинчи тарафи
Фақат тадбиркор ва унинг қўл остида таом тайёрлаётган ва уни хўрандагача етказиб бериш билан шуғулланаётганларни айблашдан йироқмиз. Айб ўзимизда ҳам бор.
“Биз ўтган йиллар давомида у қилдик, бу қилдик”, деб оғиз кўпиртиришга устамиз. Аммо биргина соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг ўз саломатлигига бўлган эътиборини кучайтира олмадик. Истеъмол маданияти, тиббий маданият деган сўзларни ўйлаб топдик, аммо амал қилишга келганда... Ҳар қандай касалликка энг яхши даъво – унинг олдини олиш. Хўш, бунга қанчалик эришдик? Айниқса, ёшлар орасида. Ҳа, соғлом турмуш тарзи, мунтазам жисмоний фаолият билан банд бўлиш ҳақида кўп гапирилади. Амалда ҳам бир неча ишлар қилинди. Аммо булар ҳавога учмаяптими? Ҳар қайси киши энг аввало мустаҳкам саломатликка истеъмол маданиятидан: у хоҳ дори истеъмоли, хоҳ таом, хоҳ ичимлик истеъмоли бўлсин, тўғри тановулдан етиши кераклигини қанчалик ўргата, ўргана олдик?
Бугунгидек заҳарланишларда кўп жиҳатдан одамларнинг ўзи айбдор. Чунки, нима еяётганига, қаерда овқатланаётганига беэътибор. Аниқ айтаманки, 41 киши заҳарланган “Оқ-тепа лаваш”га ўхшаган бошқа “фаст-фуд”лар бугун ҳам одамлар билан гавжум. Яна шуниси аниқки, “Оқ-тепа”даги ҳолат бошқаларда такрорланмаслигига кафолат йўқ. Яна ўша ўзбек жамиятига хос ҳолат: қўлимни ювиб овқатлансам бўлди, нима истеъмол қилишимнинг фарқи йўқ.
Кунда-шунда бозорларда пиширилаётган “пирожки”, кабоб, гамбургер, хот-догларга, пул тутган қўли билан, овқатни ушлаётган сотувчиларга кўзингиз тушади. Пашша қўниб турган бодринг, помидор, офтобда турган мойонез... Айрим ошпаз ва официантлар уларни сақлаш меъёрларига умуман риоя қилмайди. Бу ерлардаги таомларнинг пиширилиш шароити, ошхонадаги тартиб ва санитария талабларига жавоб бермаса, ҳам барибир ўша ердаги овқатни тоновул қиламиз. Боринг ана, Чиғатойдаги кабобхонанинг аҳволини билсак ҳам “мазаси бошқачада, ўзи яхши овқат шунақа жойларда бўлади”, деб кунда-кунора борамиз. Кўза кунда эмас, кунида синишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Халқ-ку содда. Кўпчилик гигиена, санитариянинг фарқига бормас. Лекин, бунга масъул бўлганларнинг кўзи қаерда? Оддий халқ кўриб, билиб турган, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган сурат ва видеолар наҳот санитария-эпидемиология маркази ходимлари қўлигача етиб бормаяпти?
Аслида 2003 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон рРспубликасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган бўлиб, унда умумий овқатланиш шохобчаларига қўйиладиган санитария талаблари белгилаб қўйилган. Қарор кучга кирганига ҳам 16 йил тўлди. Лекин, 16 йил ичида ўзбек ошхоналаридаги вазият ўзгардими? Шошманг, “ҳа, ўзгарди”, деб катта кетманг! Мен битта овқатининг пулига бир ҳафталик рўзғор қилса бўладиган ресторанларни назарда тутмаяпман. Бугун ўртача ойлик деб айтилаётган 1 500 000 сўмга кунда тушлик қиладиган одамлар борадиган ошхоналардаги вазият ўзгарганми?
Аслида санитария-эпидемиология маркази ходимлари ошхона ва дўконларни маълум муддат давомида текширувдан ўтказиб бориши керак. Лекин, бу текширувни дўкончилар, ошхонага эгалари жиддий қабул қилмайди.
Санитария-эпидемиология маркази ходимлари ошхоналардаги антисанитария ҳолатларини аниқлаши, жиддий текширувлар ўтказиши учун кимдир заҳарланиши, ўлиши керакми? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси нега жим? Улардан “Узр-ку биз фақат шикоят бўлсагина бориб текширишимиз мумкин”, деган жавобни олишимиз тайин. Лекин, бир нарсага ишонамизки, бу каби заҳарланиш ҳолатлари ва шикоятлар саноқсиз. Улар орасида шунчаки “босди-босди” бўлиб кетаётганлари ҳам бор. Натижани ўзингиз кўриб турибсиз: ўзбек жамиятида, ўзбек ошхонасида ҳеч нарса ўзгармаган...
Кўплаб хорижий мамлакатларда ресторанлар рейтинглари юритилади, уларга фаолият олиб бориши учун алоҳида сертификат берилади. Ошпазлар кучли синовлар асосида ишга қабул қилинади. Биз бунга қачон етиб келамиз? Вазият ўзгармас экан, “Оқ-тепа лаваш”га ўхшаш арзон ошхоналарда ҳали юзлаб фуқароларимиз заҳарланади.
LiveБарчаси
26 Ноябрь