Оилавий поликлиникаларда шифокорлар фақат тўлиқ ставкада ишлайди
Жамият
−
22 Май 3393 2 дақиқа
Ўзбекистонда тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади. Бу ҳақда жорий йилнинг 19 май куни қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида қуйидагилар йўлга қўйилади, жумладан:
- оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари,
- шу жумладан, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади;
- оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилади;
- аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар 1 тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсад этиб белгиланади.
Оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади.
Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фармон билан тажриба-синов лойиҳаси доирасида айрим туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари 20 фоизга оширилиши белгиланганди.
Live
Барчаси