Одамларга ўлиш, эшакларга ваннада ухлаш мумкин эмас: 17 та ноодатий қонун
Бу қизиқ
−
12 Март
11796Қонунлар жамиятда аввало тинчлик ва адолатни таъминлаш учун яратилади. Аммо даврлар тараққий этгани баробарида эҳтиёждан келиб чиқиб, ўхшаши йўқ янги қонунлар ҳам ишлаб чиқилади. Уларнинг баъзилари шунчалик ғайритабиий бўлиб кетадики, эшитган кишига эриш туюлиши мумкин. Бизга қанчалик ғалати кўринса-да, ҳар бир қонун ортида қандайдир сабаблар ётади. Ҳаттоки бу баъзи мамлакат президентларининг шахсий истаги бўлиши ҳам мумкин.
Эшакларга ваннада ухлаш тақиқланган
АҚШнинг Аризона штатида эшакларнинг ваннада ухлаши қонунан ман этилади. Бу ўтган аср бошида рўй берган сув тошқини билан боғлиқ. Гап шундаки, ҳовлига чиқариб қўйилган эски ваннада ухлашни одат қилган эшак тошқин пайти тоғорада оқиб кетади. Уни қутқариш учун кўпгина кучлар сафарбар этилишига қарамай, одамлар ожиз қолади. Шундан сўнг 1924 йилда бундай ҳолат такрорланмаслиги учун мазкур қонун қабул қилинган.
Қора машина мумкин эмас
Қўшни давлат Туркманистонда қора автомобиллар тақиқланган. Маълумотларга кўра, бу қонун қабул қилинишига мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг отаси собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “қора ранг омадсиз” деган қараши туртки бўлган. 2015 йилдан буён қора машиналар импорти тўхтатилиб, 2018 йилдан эса мавжудлари оқ ёки шунга ўхшаш рангларга бўяттирилган.
Ерга эгалик қила олмайсиз
Хитойда барча ерлар давлатга тегишли ҳисобланади. Шунинг учун жисмоний ёки юридик шахслар ерни узоғи билан 70 йилгача ижарага олишлари мумкин, холос.
Шаҳар ҳудудида ўлиш мумкин эмас
1950 йилдан бошлаб Норвегия ҳукумати Лонгйир шаҳри ҳудудида ўлиш ва дафн қилишни қонунан тақиқлаган. Бунга совуқ таъсирида бир неча асрлик вирус ва бактерияларнинг мукаммал сақланиб қолиши сабаб бўлган. Чунки музликлар эриганида атроф-муҳитга зарарли патогенларнинг чиқиш хавфи мавжуд. Аммо ҳаёт бор жойда ўлим ҳам бор. Бундай пайтда шаҳар аҳолиси бир неча минг километр узоқликда жойлашган қабристонларга олиб кетилади.
Ўйинчоқ қуроллар тақиқланган
Японияда ўқотар қуроллардан ташқари, уларнинг ҳақиқийсига ўхшаш ўйинчоқ қуролларни сотиш ҳам мумкин эмас. Ушбу қонун болаларда зўравонлик ҳиссиётининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Одамлар сочини ўзи хоҳлагандек турмаклай олмайди
Шимолий Кореяда фақат ҳукумат томонидан тасдиқланган соч турмакларига рухсат берилади. Аёллар учун 18 та, эркаклар учун эса 10 та соч турмаги рўйхатдан ўтказилган.
Кўчаларда конькида учиш мумкин эмас
Канаданинг баъзи шаҳарларида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун йўлакларда конькида учиш тақиқланган.
Одамлар уйини хоҳлаганича бўяй олмайди
Италиянинг баъзи шаҳарларида яшовчи фуқаролар ўз уйларини бўяш учун маҳаллий ҳокимиятдан рухсат олишлари керак. Ушбу қонун шаҳарларнинг тарихий эстетикасини сақлашга қаратилган.
Рамазонда кундузи кўчада овқатланиш мумкин эмас
Бирлашган Араб Амирликларида Рамазон ойида жамоат жойларида овқатланиш тақиқланган. Ушбу қонундан мақсад рўзадор мусулмон жамоатига ҳурмат кўрсатишдир.
Якшанба куни машина ювиш мумкин эмас
Швейцарияда якшанба куни машина ювиш тақиқланган. Бу кун дам олиш куни ҳисобланади ва машинани ювиш бошқаларга халал қилиши мумкин.
Турмуш қурмаганларга қўшимча солиқ
АҚШнинг марказий штатларидан бири Миссурида 21 ёшдан ошган, аммо никоҳдан ўтмаган фуқаролар ҳар йили қўшимча 1 доллар солиқ тўлашга мажбур. Никоҳни рағбатлантиришга қаратилган бу қонундан яна бир мақсад расмий никоҳсиз бирга яшовчилар орасида пайдо бўладиган низоларга қарши кураш ҳамдир.
Чўчқаларга Наполеон номини бериш мумкин эмас
Францияда чўчқаларга Наполеон деб ном бериш қонунан тақиқланган. Бу Франция императори Наполеон Бонапарт шаънини ҳимоя қилиш учун қилинган.
22:00 дан кейин ҳожатхона сувини оқизиш мумкин эмас
Швейцариянинг баъзи ҳудудларидаги қоидаларга кўра, кўп қаватли уйларда қўшниларни безовта қилмаслик учун соат 22:00 дан кейин ҳожатхона сувини оқизиш тақиқланган.
Аёлининг туғилган кунини унутиш мумкин эмас
Исландия эркакларига рафиқаларининг туғилган кунини эсдан чиқариш расман тақиқланган. Ушбу қонундан мақсад аҳоли маданиятида никоҳнинг аҳамиятини оширишдир.
Семириш мумкин эмас
2008 йилдан буён Японияда соғлом ҳаётга тарғиб қилиш учун “Метабо қонуни” амал қилади. Унга кўра, бел айланаси: аёлларда 85 см; эркакларда 90 см бўлса, норма ҳисобланади. Иш берувчилар ва маҳаллий ҳукумат 40 дан 74 ёшгача бўлган 50 миллион японияликнинг бел ўлчовини ҳар йили текшириш учун жавобгардир. Агар ходимларининг маълум фоизидан кўпроғи нормадан ошиб кетган бўлса, иш берувчи солиққа тортилади.
Парламентда ўлиш мумкин эмас
Агар сиз Буюк Британия парламентида вафот этсангиз, жиноят содир этган ҳисобланасиз. Аммо маълумотларга кўра, бу қонун реалликда ҳеч қачон ишламаган, зотан шу пайтгача парламентда 4 марта ўлим ҳолати кузатилган бўлса-да, уларнинг ҳеч бирига жиноий иш очилмаган.
LiveБарчаси