ОАВда Афғонистон Президенти истеъфога чиқиш аризасини ёзгани айтилмоқда

Олам 11584
image

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани истеъфога чиқиш аризасини ёзди. Ушбу ариза исталган вақт оммага эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Спутник” хабар берди.

Нашрга кўра, ижтимоий тармоқларда бир қатор журналистлар Ашраф Ғанининг истеъфо бериш ҳақида ариза ёзганини хабар қилган. Ўз навбатида, Афғонистон Президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулло Моҳиб ушбу ахборотни тасдиқламаган.

Қайд этилишича, Президентнинг истеъфосига фақат вице-президент Амрулло Солиҳ қарши. Унинг Тожикистонга қочиши ҳақидаги миш-мишлар ҳам ўз тасдиғини топмаган.

Айни пайтда, бошқа бир нашрнинг хабар беришича, Президент Ғани яна бир соат ичида чиқиш қилади ва мамлакатдаги вазиятга изоҳ беради.

Сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият янада кескинлашди. “Толибон” Афғонистондаги бир неча стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни, жумладан мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри — ҚандаҳорҒазни ва Ҳиротни эгаллаб олди. ОАВда эса мамлакат Президенти Ашраф Ғанининг Афғонистонни тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 191
Рейтинг: 3
t
×