Nvidia чиплари ва СИ учун $100 млн: Шерзод Шерматов соҳага оид режаларни очиқлади
Ўзбекистон
−
880 6 дақиқа
Ўзбекистон сунъий интеллектни ривожлантириш учун ҳисоблаш қувватларини кенгайтирмоқда. Бу мақсадда Nvidia чипларини харид қилиш, 800 МВтгача қувватга эга дата марказлар қуриш, стартапларни молиялаштириш ва СИ соҳасида мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида соҳага оид режалар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон давлат ахборот тизимлари ва иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллектни жорий этиш учун зарур ҳисоблаш қувватларини босқичма-босқич оширмоқда. Бунинг учун Nvidia компаниясининг замонавий чиплари харид қилинмоқда.
“Жуда кўп давлатлар, биласизлар, катта-катта давлатлар ҳам Nvidia’нинг энг охирги чипларини олишга ҳуқуқи йўқ. Бизда Америка Қўшма Штатлари билан сиёсий даражада жуда яхши имконият бўлгани учун ҳеч қандай чеклов йўқ, қанча бўлса сотиб олишга имкониятимиз бор”, дейди Шерзод Шерматов.
Шу билан бирга, ускуналар қимматлиги сабабли ҳисоблаш қувватларини мавжуд инфратузилманинг талаби ва юкланишига қараб ошириш режалаштирилган.
“Масалан, нефть ва газ захираларига бой давлатлар бундай кластерларга миллиардлаб доллар сарфлаётган бўлса, биз харажатларни имкон қадар тежашга ҳаракат қилдик. Дастлабки кластерни 24 миллион долларга сотиб олдик, навбатдагиси учун эса яна 6 миллион долларлик ускуна харид қиляпмиз. Келгуси йилда, насиб қилса, бу мақсадга яна 70 миллион доллар йўналтиришни режалаштирганмиз”, дейди рақамли технологиялар вазири.
Шу тариқа, харид қилинган, харид қилинаётган ва келгуси йил учун режалаштирилган ускуналар қиймати жами 100 млн долларни ташкил этади.
Вазир мавжуд ҳисоблаш қувватларидан фойдаланиш даражаси 90 фоизга етгач, инфратузилмани янада кенгайтириш режалаштирилаётганини айтди. Ҳозирги имкониятлар амалга оширилаётган лойиҳалар учун етарли. Айни пайтда мамлакатда сунъий интеллектдан фойдаланилаётган 100 дан ортиқ лойиҳа бор. Улар рақамли ҳукумат, қишлоқ хўжалиги, экология, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа, кадрлар тайёрлаш, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоя йўналишларини қамраб олган.
Бундан ташқари, ўз СИ лабораториясига эга бўлмаган стартаплар, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларига марказий ҳисоблаш кластери инфратузилмасидан бепул фойдаланиш имконияти берилган. Август ойида президент Шавкат Мирзиёевга мавжуд ҳисоблаш кластерини кенгайтириш учун қўшимча 70 млн доллар ажратиш таклифи ҳам киритилган эди. Июль ойида эса “Рақамли ҳукумат” дата марказида Nvidia технологиялари асосидаги суперкомпьютер фойдаланишга топширилган.
2025 йил октябрь ойида президент мамлакатнинг ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш вазифасини қўйган. Ўша йил 22 октябрдаги фармонга мувофиқ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига 2026 йилдан бошлаб Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасига сунъий интеллектни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратиш топширилган.
Шерматов, шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказлари қурилишига хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалари ҳақида ҳам гапирди. Хусусан, Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси Тошкентдаги IT Park ҳудудида дата марказ қурмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичини 2027 йил январь ойида ишга тушириш режалаштирилган. Унинг қуввати 12 МВтни ташкил этади. Вазир лойиҳанинг умумий қийматини камида 3 млрд доллар деб баҳолаган.
Унинг сўзларига кўра, объект қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланадиган минтақадаги йирик “яшил” дата-марказлардан бирига айланиши керак.
“Сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда яшил энергияга ўтиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Энди эса ортиқча энергияни хорижга оддий электр энергияси сифатида эмас, балки дата-марказлар хизматлари кўринишида экспорт қилишни мақсад қилганмиз”, дейди Шерматов.
Вазир Қорақалпоғистонда ҳам бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун махсус шароитлар яратилаётганини айтди. Ҳудудга хорижий компаниялар келиб, рақамли инфратузилмага инвестиция киритиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Айрим инвесторлар қуриладиган дата марказлар хизматларини Ўзбекистоннинг ўзи сотиб олишини назарда тутувчи оффтейк шартномаларини таклиф қилмоқда. Бироқ вазир бундай шартномаларга эҳтиёж йўқлигини, давлат тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритадиган компаниялар учун шароит яратишини билдирди. Унинг фикрича, давлатнинг хизматларни сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олиши айрим лойиҳаларда жамият учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.
Унинг фикрича, давлатнинг хизматларни сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олиши айрим лойиҳаларда жамият учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.
Депутат Ойбек Отамуратов дата марказлар қурилиши билан боғлиқ экологик масалаларга эътибор қаратди. Унинг айтишича, депутатларга тақдим этилган маълумотларда хорижий инвесторлар иштирокида Ўзбекистонда умумий қуввати 800 МВтгача бўлган маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш режалаштирилаётгани кўрсатилган. Депутат бундай марказларнинг катта миқдорда электр энергияси ва сув истеъмол қилиши мумкинлигини таъкидлаб, инвесторларга бу борада қандай талаблар қўйилаётгани билан қизиққан.
Шерматов дата-марказларнинг энергия истеъмоли ва улар билан боғлиқ углерод чиқиндилари ортиши бутун дунёда долзарб муаммога айланаётганини тан олди. Унинг айтишича, хорижий инвесторлар билан ишлашда “яшил” дата марказлар қуриш талаби қўйилмоқда. Жумладан, IT Park ҳудудида қурилаётган DataVolt объекти ноль углерод балансига – net zero кўрсаткичига эришишга йўналтирилган.
Депутат бундай марказларнинг катта миқдорда электр энергияси ва сув истеъмол қилиши мумкинлигини таъкидлаб, инвесторларга бу борада қандай талаблар қўйилаётгани билан қизиққан.
Вазир айрим мамлакатларда дата марказларни арзон электр энергияси билан таъминлаш учун кўмирдан фойдаланилишини қайд этган. Шу билан бирга, йирик технологик компаниялар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланадиган марказлар хизматларига устуворлик беришга интилмоқда.
“Яшил энергиядан фойдаланиш билан бир қаторда, сув сарфи масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шу боис дата-марказларни имкон қадар ёпиқ сув айланиш тизимида ишлайдиган ва сувни кам сарфлайдиган технологиялар асосида ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бу борада инвесторларга ҳам тегишли талаблар қўямиз”, деди у.
“Ҳаммаси келиб, истаганча ёқилғи ёқиб, экологияни бузиб, бизга дата марказ қилиб бериши керак эмас”, дейди Рақамли технологиялар вазири.
2025 йил октябрь ойида Шерматов Қорақалпоғистонни дата марказларни жойлаштириш бўйича минтақавий марказга айлантириш режалаштирилаётганини маълум қилган. Кейинги босқичларда DataVolt Ўзбекистонда умумий қуввати 500 МВтгача бўлган маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Қорақалпоғистонда қиймати 100 млн доллардан ортиқ рақамли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширадиган инвесторлар учун махсус имтиёз ва преференциялар пакети кўзда тутилган. Жумладан, электр энергиясининг имтиёзли нархи 1 кВт/соат учун 5 цент этиб белгиланган.
“Ёшларимиз сунъий интеллектни қанчалик кўп ўрганса, келажакда рақобатга шунчалик тайёр бўлади. Чунки энди рақобат инсонлар ва сунъий интеллект ўртасида эмас, балки сунъий интеллектдан фойдалана оладиганлар билан уни қўллашни билмайдиганлар ўртасида кучайиб бормоқда”, дейди вазир.
Вазир депутатларни сайловчилар билан учрашувларда аҳолига “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида ишга туширилган aileaders.uz платформаси орқали СИдан фойдаланишни ўрганиш имкониятлари ҳақида маълумот беришга чақирган.
Мажлисда СИ соҳасидаги компаниялар фаолияти ва экспорт кўрсаткичлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шерматовнинг сўзларига кўра, ҳозирда IT Park резидентлари орасида сунъий интеллект йўналишида ишлаётган компаниялар сони 240 тага етган. 2026 йил бошидан бу компаниялар 895 млрд сўмлик хизмат кўрсатган, экспорт ҳажми эса 75 млн долларни ташкил этган. Уларнинг хизматлари саккизта давлатга экспорт қилинмоқда.
Live
Барчаси