Нурмат Отабеков коронавирусга қарши эмлаш жараёни ҳақида маълумот берди

Жамият 4686
image

Ўзбекистонда ижтимоий масофа сақланиши ва аҳоли тўпланишининг олдини олиш мақсадида битта эмлаш пунктида бир кунда эмланадиганлар сони 70 нафаргача этиб белгиланди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Вакциналарнинг республикамизга олиб келинган миқдоридан келиб чиқиб, аҳолининг катта миқдорда тўпланиб қолишига йўл қўймасдан, эмланишга келган аҳоли орасида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, ҳозирча ҳар битта эмлаш пунктида бир кунда эмланадиган аҳоли сони 70 нафаргача деб белгиланмоқда.

Коронавирусга қарши эмланган шахслар патронаж тиббиёт ходимлари томонидан, эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида, кейинчалик 3 (уч) кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам суриштириб борилади, уларнинг соғлиғи кўздан кечирилиб, 64/х ҳужжат билан расмийлаштирилади”, дейди Отабеков.

Шунингдек, марказдан ва аҳоли яшаш пунктларидан узоқда жойлашган ҳудудлар аҳолисини коронавирусга қарши эмлашни амалга ошириш мақсадида аҳолини бориши қулай, яқин бўлган оилавий шифокор пункти (ОШП) филиалларида ҳам вақтинчалик эмлаш пунктлари ташкил қилиниб, ҳаракатдаги бригада-врач, вакцинатор ва дублёрлардан иборат гуруҳлар фаолияти ташкил этилиб, улар зарур автотранспорт воситалари билан таьминланади.

“Бошқа юқумли касалликларга қарши оммавий эмлаш тадбирларида ҳам бу усулларни қўллаганмиз, шундай бўлса ҳам тайёргарлик ишлари ўта жиддий тарзда олиб бориляпти”, деган Нурмат Отабеков.

Таъкидланишича, коронавирусга қарши эмлаш кунларини ўтказишнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилиши режалаштирилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Хитойда ишлаб чиқарилган “ZF-2001” вакцинасининг ҳаммуалифи сифатида тан олингани ва аҳоини эмлаш учун 1 млн доза шундай препарат сотиб олиниши ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 135
Рейтинг: 3
Теглар
t
×