Нур-Султонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади
Жамият
−
06 Декабрь 2021
3951Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокидаги музокаралар вақтида айтиб ўтди.
Қозоғистон етакчиси икки халқнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида пойтахтда Навоий ҳайкали ўрнатилишини таъкидлаган.
Музокаралар давомида гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Шунингдек, томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатлар ва минтақавий яқинлашув ғояларини илгари сурган ҳолда ташқи сиёсат соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар. Президентлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини иштирокчи давлатлар манфаатларига қатъий ҳурмат асосида мавжуд салоҳиятлардан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш мақсадида такомиллаштириш йўлида мақсадли иш олиб боришга келишиб олган.
Аввалроқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Россиянинг Самара вилоятида Амир Темур ҳайкали ўрнатилиши ҳақида хабар берган эдик.
Қарор билан тасдиқланган "Йўл харитаси"да Самара вилоятидаги Кодурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида Амир Темур ва унинг ҳарбий саркардалари ифодаланган композицион ҳайкал ўрнатиш бўйича кўрик-танлов эълон қилиш ҳамда танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ҳайкал мажмуасини ўрнатиш юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан меморандум тузиш ишларини олиб бориш белгиланганди.