Мирзиёев Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиёти ўзаро рақобат қилмаслигини айтди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Бугун, 6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг, давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

“Самимият ва ишонч руҳида ўтган учрашувда етакчилар кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон шериклигига доир кенг кўламли масалаларни, шу жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кўриб чиқдилар, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади, ушбу учрашувнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди”, дейилади Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати эълон қилган хабарда.

“Сиз Қозоғистонга давлат ташрифи билан келганингиздан жуда мамнунмиз. Ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда ушбу воқеа жуда муҳим. Бугун имзоланадиган ҳужжатлар шериклигимизга қўшимча суръат бағишлайди. Мамлакатларимиз ҳукуматларига белгиланган мақсадларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш топшириғини бердик. Ўйлаймизки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади”, деган Қосим-Жомарт Тўқаев.

Президент Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётганини таъкидлаган ҳамда Ўзбекистон халқи номидан биродар қозоқ халқини ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклаган, тинчлик-осойишталик, равнақ ва янги зафарлар тилаган.

Урашувда бугунги кунда Қосим-Жомарт Тўқаев раҳбарлигида Қозоғистон Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев бошлаган катта бунёдкорлик ишларини давом эттираётгани ва барқарор тараққиёт йўлидан дадил бораётгани таъкидланган. 

Ўзбекистон етакчиси икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этган.

“Кейинги йилларда ҳамкорлигимизни мутлақо янгидан ташкил этдик ва бугун қўшма саъй-ҳаракатларимиз ўзининг илк салмоқли натижаларини бераётганини гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража – 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда. Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатлар ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Туркистон шаҳрида Бош вазирлар раислигида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтди. Куни кеча Қозоғистон пойтахтида қўшма бизнес-форум муваффақиятли ўтказилган. Ушу тадбирлар натижасида жами 6 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланган.

“Бугун икки томонлама стратегик шериклигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш тўғрисида тарихий қарор қабул қиламиз. Бу нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг изчил тараққиёти, барқарорлиги ва равнақи учун улкан аҳамиятга эга бўлади”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Етакчилар минтақа ва халқаро кун тартибининг томонларни қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашганлар. 

Учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқлаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг