Норвегиялик биатлон юлдузи 27 ёшида вафот этди

Спорт

image

Норвегиялик биатлончи, уч карра Европа чемпиони Сиверт Гутторм Баккен Италиянинг Лавазе шаҳридаги меҳмонхона хонасида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда VG нашри хабар берди.

Манбага кўра, 27 ёшли спортчининг ўлими сабаби ҳозирча номаълум. Халқаро биатлон иттифоқи (IBU) ҳам спортчининг вафот этгани Италия расмийлари томонидан тасдиқланганини билдирди.

“IBU Сиверт Баккеннинг тўсатдан вафот этгани ҳақидаги фожиали хабардан чуқур ларзага тушди ва қайғуда”, дейди ташкилот президенти Олле Далин.

Баккен 2022 йилда Ослодаги Хольменколлен трассасида бўлиб ўтган 15 километр масофадаги оммавий стартда ўзининг илк Жаҳон кубоги пойгасида ғалаба қозонган эди.

2021-2022 йиллардаги муваффақиятли мавсумдан сўнг, унинг фаолияти юрак билан боғлиқ муаммолар сабаб вақтинча тўхтаб қолганди. Шунга қарамай, сўнгги ҳафталарда у Норвегия терма жамоаси сафида Жаҳон кубоги мусобақаларида яна иштирок этаётганди ва мавсумдаги умумий рейтингда 13-ўринни эгаллаб турган эди.

Маълумот учун, Баккен 2021 йилда аралаш эстафетада ва 2025 йилда спринт ва эстафетада Европа чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, у 2020 йилда Минскда бўлиб ўтган Европа чемпионатида иккита бронза медалини қўлга киритган ва фаолияти давомида тўртта Жаҳон кубоги мусобақаларида ғолиб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания терма жамоасининг собиқ бош устози Оге Харейде мия саратони билан қисқа муддатли курашдан сўнг 72 ёшида вафот этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

вафот этди Норвегия биатлон Сиверт Гутторм Баккен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг