Норвегияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланмоқда
Олам
−
24 Октябрь
1437Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қатъий ёш чекловини жорий этишни режалаштирмоқда. Энди улардан 15 ёшдан кичик болалар фойдалана олмайди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Мамлакат Бош вазири Йонас Гар Стёренинг айтишича, сиёсатчилар болаларни ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентдан ва алгоритмлар ҳукмронлигидан ҳимоя қилиш учун бунга аралашишлари зарур. Скандинавия давлатида аллақачон минимал ёш чегараси мавжуд — 13 ёш. Шунга қарамай, ўтказилган тадқиқотга кўра, тўққиз ёшли болаларнинг ярмидан кўпи, 10 ёшлиларнинг 58 фоизи ва 11 ёшлиларнинг 72 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.
Маълумот учун, Норвегия ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича ёш чегарасини ўрнатаётган биринчи давлат эмас, жумладан, сентябрь ойида Австралия ҳукумати болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаётганини эълон қилганди. Мамлакатда болага интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат бериладиган минимал ёш белгиланиши мумкин.
Бундай ёш ҳали аниқланмаган. Бош вазир Энтони Альбанезенинг сўзларига кўра, ҳукумат 14−16 ёшгача бўлган болаларнинг Instagram ва TikTok’дан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда, унинг ўзи эса минимал ёшни 16 ёш қилиб белгилашни маъқул кўради.
Францияда бўлса, 15 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мактабда мобил телефонларни тақиқлаш синовдан ўтказилмоқда. Муваффақиятли бўлса, у январь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.
2015 йил охирида Европа Иттифоқи мамлакатларида шунга ўхшаш тақиқни жорий этишга ҳаракат қилишган, бироқ интернетда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари чеклангани ҳақидаги шикоятлар туфайли лойиҳа қабул қилинмай қолганди.
LiveБарчаси