Норвегия ФА раҳбари Инфантинони истеъфога чақирди
Спорт
−
15:38 433 2 дақиқа
Норвегия футбол ассоциацияси президенти Лисе Клавенесс FIFA президенти Жанни Инфантинони ўз лавозимини тарк этишга чақирди. Бу ҳақда Клавенесс NRK нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Биз ундан истеъфога чиқишни сўраймиз. У бу қарорни дарҳол қабул қилиши керак. Орқага йўл йўқ”, дейди Клавенесс.
Аввалроқ, Жанни Инфантино Жаҳон чемпионатига оид айрим тижорат ҳуқуқларини хусусий инвесторларга сотишни назарда тутувчи FIFA Forward Enterprise лойиҳасини илгари сурган эди. Бироқ футбол жамоатчилиги томонидан кескин танқидлардан сўнг у ушбу ташаббусдан воз кечди.
Шундан кейин Марокашда Инфантино ва FIFA раҳбарияти иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказилди. Ташкилот, шунингдек, йўл қўйилган хатолар учун ўз аъзоларидан расман узр сўради.
Лойиҳага кўра, FIFA эркаклар ва аёллар ўртасидаги асосий мусобақаларнинг тижорат ва медиа ҳуқуқларини бошқарадиган алоҳида компания ташкил этмоқчи эди. Инфантинонинг фикрича, бу ташаббус FIFA’га аъзо ассоциациялар даромадини ошириш ва жаҳон футболи ривожига ҳисса қўшиши керак эди. FIFA ушбу схема орқали 4,2 миллиард доллар жалб қилиниши мумкинлигини маълум қилган.
Бироқ ташаббус футбол мутасаддилари, миллий федерациялар ва қатор ташкилотлар томонидан қаттиқ танқид қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, FIFA’нинг собиқ президенти Зепп Блаттер Лисе Клавенессни FIFA президентлигига муносиб номзод сифатида кўрсатишни таклиф қилган эди.
Live
Барчаси