Норов “Толибон” билан ҳамкорлик Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркияга нима беришини очиқлади

Жамият 5981
image

“Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўли лойиҳасини амалга ошириш, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия учун умумий аҳолиси 1,9 миллиард ва ялпи ички маҳсулоти $3,5 триллион бўлган Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига тўғридан-тўғри кириш учун ноёб имконият яратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазифасини бажарувчи Владимир Норов “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилишида инглиз тилида қилган нутқида сўз очди. 

Унинг қайд этишича, трансафғон йўлагининг ишга тушиши билан катта истиқболлар очилади.  

Вазир вазифасини бажарувчи Норов, жорий йил 26 июль куни Тошкентда ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияга тўхталиб, унда Афғонистон муваққат ҳукуматининг юқори мартабали делегацияси ҳам иштирок этганини урғулади.  

“Толибон” ҳаракати вакиллари “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар" темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш Афғонистонни тиклаш учун муҳим стратегик аҳамиятга эга эканлигини эътироф этдилар. 

Ушбу лойиҳани амалга ошириш Марказий Осиё орқали энг йирик субрегионлар ўртасида юкларни ташиш муддати ва нархини сезиларли даражада камайтиради ҳамда мамлакатларимизга умумий аҳолиси 1,9 миллиард ва ялпи ички маҳсулоти $3,5 триллион бўлган Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига тўғридан-тўғри кириш учун ноёб имконият яратади”, дейди Норов.  

Унинг қайд этишича, ўз минтақаларида ўтказиш нуқталари бўлиб келган Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия фақат “транзит пунктлари” функцияси билан чекланиб қолмасдан, мавжуд транспорт йўналишлари бўйлаб ишлаб чиқариш, логистика ва савдо пунктларини ташкил этиш орқали иқтисодий йўлакларни шакллантиришлари керак.  

Бу юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга етказиб беришга имкон беради. 

Ташқи идора раҳбари мавқедошларига мамлакатлар ёшларини умумий тарихий мерос билан таништириш учун саёҳат пакетларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлигини, бу, ўз навбатида, Тошкент, Баку ва Анқара ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди. 

Шунингдек, уч мамлакат ва минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мулоқотга мунтазам тус беришни ва ҳар йили учта мамлакатнинг ҳар бирида навбатма-навбат учрашувлар ўтказишни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, йиғилишда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Туркия савдо вазири Меҳмет Муш, Транспорт ва савдо вазири Одил Караисмоилўғли, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов, Иқтисодиёт вазири Микоил Жабборов, Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиевдан иборат ҳайъат аъзолари иштирок этди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 3.1
t
×