Зангезур коридорининг очилиши Арманистонга ҳам фойдали бўлади – Владимир Норов
Олам
−
16 Март
10089Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси қанчалик тез имзоланса, шунча яхши эканини айтди. Бу ҳақда у бугун, 16 март куни Озарбайжонда бўлиб ўтаётган Xl Global Baku форумидаги чиқишида сўз очди.
Дипломатнинг айтишича, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қасамёд маросимидаги нутқида Жанубий Кавказдаги вазият, жумладан Арманистон билан муносабатлар ҳақида жуда аниқ маълумотлар берган.
“Тинчлик шартномасининг таркибий қисмларидан бири Зангезур йўлагининг очилишидир. Бу, айниқса, расмий Ереван учун жиддий масала. Зангезур йўлагининг очилиши бутун минтақа, жумладан Арманистон учун ҳам фойдали бўлади. Шуни ҳисобга олиш керакки, Арманистоннинг имкониятлари Озарбайжонникидан камроқ. Шунинг учун Зангезур йўлаги очилиши билан Арманистон жиддий имкониятларга эга бўлиши мумкин”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Илҳом Алиев Ўзбекистон ҳам манфаатдор бўлган Зангезур коридори нега муҳимлигини тушунтириб берган эди. Алиев ўшанда Зангезур транспорт йўлаги Озарбайжон лойиҳаси бўлиб, ундан Россия, Эрон, Туркия ва бошқа қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам манфаатдор бўлишини айтиб ўтган. У Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўлини таъминлайди. Жорий йилда эса Арманистон парламенти вице-спикери Рубен Рубинян Арманистон ҳеч қачон Озарбайжонга ўз ҳудудида коридор беришга рози бўлмаслигини билдирган.
LiveБарчаси