Норбоева Нью-Йоркда Швейцария Президенти билан музокара ўтказди
Жамият
−
12 Март
5869Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида Норбоева Швейцария конфедерацияси Президенти Виола Амерд билан учрашув ўтказган.
Унда Ўзбекистон ва Швейцария ҳамкорлигини изчил кенгайтириш, шу жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
"Айни пайтда Швейцария билан автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, инфратузилма соҳаларида 19 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Учрашув давомида мазкур кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун иккала давлатда ҳам катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ўзаро муносабатларда парламентлараро алоқаларнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, ихтисослаштирилган қўмиталар даражасида алоқаларни фаоллаштириш, икки давлат парламентларида дўстлик гуруҳларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашув давомида қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан амалий таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, гендер тенглик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилган.
Орол денгизи минтақасидаги вазиятни яхшилаш юзасидан ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни амалга оширишда молиявий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам томонларнинг диққат марказида бўлган.