Норбоева сенаторларга парламентнинг вазифасини эслатиб қўйди
Жамият
−
27 Декабрь 2022
12780Парламентнинг асосий мақсади, ҳокимиятларнинг ўзаро тийиб туриш мувозанатини сақлаган ҳолда, халқ манфаатини таъминлаш йўлида ҳокимият бўғинлари ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатишдан иборат. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бугун очилган Сенатнинг 36-ялпи мажлисидаги нутқида айтиб ўтди.
Ялпи мажлис аввалида сўз олган Норбоева, парламент бундан буён Ҳукумат билан ишлашда янгича ёндашиши кераклигини урғулади.
“Қўмиталар ўз фаолияти йўналишида ҳамкорлик қилувчи тегишли давлат бошқаруви органлари билан ўзаро алоқа ва ишлаш услубларини қайтадан кўриб чиқишлари лозим. Бунда ҳудудларни оламизми, вазирлик ёки идорани оламизми, уларни фаолиятини ўрганиш ва камчиликларни аниқлаш билан чекланмаслик керак”, дейди Норбоева сенаторларга юзланиб.
Унинг эслатишича, парламент фаолияти моҳияти ва мазмунига кўра қонунлар ижросини таъминлашга, ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини ўрнатишга қаратилган.
Норбоевага кўра, Сенатнинг ҳар бир қўмитаси жойларга чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, камчиликларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирликлар билан биргаликда ишлаши зарур.
“Шу ўринда ўз ваколат ва имкониятларимиздан самарали фойдаланган ҳолда, вазирлик, идора ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш масаласига тубдан янгича ёндашишимиз талаб этилади. Эшитув, ўрганиш, сўров ва бошқа турдаги парламент назорати инструментларидан янада самаралироқ фойдаланиш лозим. Шундагина биз, ижро этувчи органлари фаолиятида очиқлик, натижадорлик ва юқори сифатни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз”, дейди Норбоева.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь