Ном-нишонсиз кетган Атамбоев кўриниш берди
Олам
−
28 Февраль
14253Интернетда Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг янги сурати пайдо бўлди. Суратни унинг иттифоқчиси, Социал-демократлар партияси раҳбари Темирлан Султонбеков Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилди.
Суратда Алмазбек Атамбоев, Испания ҳукумати раҳбари Педро Санчес ва Султонбековни кўриш мумкин.
“Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Испания ҳукумати раҳбари Санчес билан навбатдаги учрашув ўтказди. Бир қатор масалалар муҳокама қилинди ва доимий ўзаро ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Атамбоев даволаниш жараёни ва кутилаётган муолажалар ҳақида гапирди”, деб ёзган муаллиф сурат остидаги изоҳда.
Маълумот учун, 2020 йилда Атамбоев 2013 йилда қонундаги ўғри Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилингани билан боғлиқ иш юзасидан 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинганди.
Бундан ташқари, у 2019 йилнинг 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида содир бўлган тартибсизликлар, коррупция ва “пул ювиш”, Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш билан боғлиқ ишлар билан айбланган.
2022 йил 16 июнь куни Атамбоев Бишкекдаги Калис-Ордо тураржой массивида мактаб қурилиши ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт беришга оид жиноий иш бўйича оқланган эди.
2022 йил 28 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Атамбоевни 2020 йил октябрь ойида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ишида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаган.
Алмазбек Атамбоев даврида Бош вазир бўлган Сооронбай Жээнбеков 2017 – 2020 йилларда мамлакат Президенти лавозимини эгаллади ва у бошқарувга келибоқ Атамбоевни қамоққа ташлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 14 февраль куни собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоев қамоқдан озод этилди. Буни мамлакатнинг амалдаги Президенти Садир Жапаров Атамбоевнинг даволанишга эҳтиёжи борлиги билан изоҳлади.
LiveБарчаси