Ноқонуний криптовалюта савдоси билан шуғулланган йигит 5 суткага қамалди
3-саҳифа
−
23 Октябрь
2200Тошкент шаҳрида тегишли ҳужжатларсиз криптовалюта олди-сотдиси билан шуғулланган 26 ёшли йигит 5 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ АТСЖҚКБ ходимлари томонидан “Мехc” платформаси текширилганда фуқаро Х.Т. 2023 йилнинг бошларидан ҳозирги кунга қадар ўзига тегишли Redmi русумли уяли телефони орқали транзакция бўлими билан ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз бир неча маротаба криптовалюта сотиб олиш, бошқа шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланган.
Жорий йилнинг 16 октябрь куни ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Мазкур суд мажлисида Х.Т. ростдан ҳам ноқонуний криптовалюта олди-сотдиси билан шуғулланганини тан олган ва қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.
Суд қарори билан Х.Т. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155 прим 4-моддасининг 1-қисмида (Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, унинг телефони давлат фойдасига мусодара қилинган ҳамда Х.Т.дан Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 281 минг 250 сўм миқдоридаги пул ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 25 ёшли талаба йигит телефон ва пластик картадан крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғуллангани учун 10 суткага қамалганди. Notcoin’ни ноқонуний сотган 19 ёшли йигитга эса 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, ашёвий далил сифатида ундан олинган iPhone 13 Pro Max русумли уяли телефон мажбурий ижро органи томонидан давлат фойдасига мусодара қилинган.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь