Тошкентда 556 минг долларлик криптовалютани айлантирган йигит ушланди (видео)
3-саҳифа
−
08 Апрель 3120 2 дақиқа
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари давомида 6 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги ноқонуний криптоактивлар айланмасини амалга оширган шахс ушланди. Бу хақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, текширувлар жараёнида 2004 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаронинг iPhone 17 Pro русумли телефони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Жараёнда фуқаронинг смартфонига ўрнатилган иловалар ва турли аккаунтлар орқали катта миқдорда криптоактивлар айланмаси билан шуғуллангани аниқланган. Гумонланувчи йигит P2P орқали ноқонуний кирим-чиқим операциялари ёрдамида жами 556 минг доллардан кўпроқ, яъни 6 миллиард 700 миллион сўм маблағни ўзлаштирган. Унга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан керакли ҳужжатлар тўпланиб, Яшнобод тумани тергов бўлимига топширилган.
“HTX ва Bitget криптобиржаларида P2P амалиётларини бажардим. Шуғулланаётганимда бу ҳаракатлар ноқонуний эканлигини билмасдим. Ички ишлар органлари ходимлари бу каби ишлар ноқонуний эканлигини ва бу қандай оқибатларга олиб келишини тушунтиришди. Ҳозирда қилган ишимдан пушаймонман. Бу ишни бошқа қилмоқчи эмасман”, деган гумонланувчи йигит.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни Сурхондарёда 3,5 млрд сўмлик ноқонуний крипто айланмаси фош этилган эди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
БарчасиБлогер “Real Sanjik” иши судга оширилди
08 Апрель