Ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит”ни шакллантиришимиз лозим – Норбоева

Жамият 2358
image

Аввал хабар берганимиздек, Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, маъқулланди. 

Сенат Раиси Танзила Норбоева қонун ҳақида фикрларини билдириб, мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга урғу берди.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ҳақиқатдан ҳам ўта муҳимдир. Мазкур йўналишда йиллар давомида талайгина муаммолар тўпланиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу жумладан, ногиронлиги кундек равшан бўлган қўли ёки оёғи йўқ инсонларни ҳар сафар қайта-қайта кўрикдан ўтказиш, текшириш амалиёти ҳам йўқ эмас. Қонунда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ногиронликни белгилаш жараёнини соддалаштириш бўйича аниқ нормалар белгиланганини ҳам эътироф этишимиз керак”, дейди Норбоева.

Сенат раиси ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлашда статистикани тартибга солиш керак эканини таъкидлади. Ногиронлик масаласини таҳлил қилиш, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётга тўлиқ интеграция қилиш учун бундай шахслар, уларнинг сони, истиқомат қилаётган ҳудудлар, ногиронлик даражаси ҳамда шу каби муҳим жиҳатлар тўғрисида аниқ маълумотга ва тасаввурга эга бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, амалга ошириладиган ишлар тўлиқ бўлмайди, қайсидир қатлам, қайсидир инсонлар эътибордан четда қолиб кетаверади.

“Бундан ташқари, халқаро мезонлардан келиб чиқиб, мамлакатда ногиронлиги бор шахслар учун “тўсиқсиз муҳит”ни шакллантиришимиз лозим.

Бу борада муаммоларимиз етарлича. Кундалик ҳаётимизда – транспорт, овқатланиш шоҳобчалари, хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар масканларда ногиронлиги бор шахслар учун зарур шароитлар яратилмаганига кўп дуч келамиз. Табиийки, бу уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда”, дея мавжуд муаммоларни санади Норбоева.

Ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилишга устувор аҳамият қаратиш кераклиги, улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканликларини доимо ҳис қилишлари лозимлиги урғуланди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 74
Рейтинг: 3.1
t
×