Нипаҳ вирусидан иккинчи ўлим ҳам қайд этилди
Олам
−
14 Февраль 5450 2 дақиқа
Ҳиндистонда Нипаҳ вируси билан боғлиқ иккинчи ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Маълумотларга кўра, 25 ёшли ҳамшира январь ойида ўзи ишлаган шифохонада даволанаётган бемордан вирус юқтириб олган. У деярли бир ой давомида оғир аҳволда комада бўлган. Дастлаб ўтказилган Нипаҳ тести манфий чиққан, бироқ унда ўпка инфекцияси ривожланган. Бемор сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Канал хабарига кўра, аёл вирус келтириб чиқарган асоратлар оқибатида вафот этган. Унинг иммунитети кескин заифлашган ва юраги тўхтаган.
Аёл жорий йилнинг бошида Нипаҳ вируси аниқланган икки нафар тиббиёт ходимидан бири бўлган.
Расмийларга кўра, у ҳушига келишга, қўл-оёқларини қимирлатишга ва гапиришга ҳаракат қилаётган эди, бироқ аҳволи тўсатдан оғирлашиб кетган.
Ҳамшира Янги йил таътили муносабати билан 31 декабрь куни уйига қайтгач, январь ойининг бошида бетоб бўлиб қолган.
Маълумот учун, Нипаҳ вируси ҳайвонлардан, хусусан кўршапалаклар ва чўчқалардан одамга юқиши мумкин. Вирус нафас олиш тизимини зарарлайди, энцефалит (мия яллиғланиши)ни келтириб чиқаради ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳолатларнинг 75 фоизида ўлимга олиб келади.
Январь ойида вирус тарқалиши Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида қайд этилган. Ҳозирга қадар беш киши касаллангани аниқланган, қарийб юз киши карантинга олинган. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари ёки вакцина мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бангладеш шимолида Нипаҳ вирусини юқтирган аёл вафот этганди.
Live
БарчасиИсроиллик аскарлар яҳудийлар ҳужумига учради
15 Февраль