Ниғматилла Йўлдошев прокуратуранинг 30 ходими ноҳақ отиб ташланганини айтди

Жамият

image

СССР даврида қатағонга учраган, отиб ўлдирилган Ўзбекистонда кўплаб илмли, зиёлилар қаторида прокуратура органларининг 30 нафар ходими ҳам бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган “Янги Конституция – улкан масъулият демакдир” номли мақоласида айтилган. 

“Ватанимиз озодлиги йўлида жон фидо этган тизим ходимларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ёш авлодга етказиш орқали уларда эл-юртга садоқат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, дейилади унинг мақоласида. 

Йўлдошев, шўролар қатағонларининг даҳшатли даврида минглаб бегуноҳлар қаторида прокуратура тизими вакиллари ҳам кўплаб мусибатларга дучор бўлганини афсус билан қайд этган. 
 
Унинг урғулашича, ўша даврларда ори ва номусини ҳар нарсадан устун қўйиб, ноҳақликларга қарши борган, қатъият кўрсатган, чин маънода довюрак ва ватанпарвар маҳаллий ходимларнинг 150 нафарига жиноят иши қўзғатилган, 30 нафари эса отиб ташланган. Бу маълумотлар фақат қисқа муддатда аниқланганидир.

“Ноҳақлик азобларини тортган тизимимиз ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасоратини ёш авлодга етказиш бўйича бугун аниқ ишларни бошладик”, дейилади Йўлдошевнинг мақоласида.

Эслатиб ўтамиз, 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида таниқли адиб Абдулла Қодирийга нисбатан чиқарилган Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йилдаги ҳукми устидан Қодирийнинг набираси томонидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Абдулла Қодирий Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июнида Жиноят кодексининг 73-моддасида (контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Бироқ Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия қўмитаси Раёсатининг 1926 йил 17 июндаги қарорига асосан жазодан озод этилган.

Қодирийга нисбатан чиқарилган ҳукм бекор қилиниб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳолат юз бермагани сабабли айбсиз деб топилиб, оқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

прокуратура Ниғматилла Йўлдошев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг