Нидерландиянинг тўрт йирик шаҳри ЖЧ ярим финал ўйинини кўрсатмайди
Спорт
−
14 Декабрь 2022
6993Нидерландиянинг тўртта йирик шаҳри ЖЧ ярим финалидан ўрин олган Марокаш ва Франция ўртасидаги учрашувини оммавий тарзда намойиш этмайдиган бўлди. Бу ҳақда 13 декабрь куни nu.nl ахборот портали хабар берди.
Амстердам ва Гаага расмийлари таъкидлаганидек, бу қарор Марокашнинг олдинги ғалабаларидан кейин содир бўлган тартибсизликлар билан боғлиқ.
Бугун, 14 декабрь куни Марокаш ва Франция терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Марокаш Жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиққан биринчи Африка жамоаси ҳисобланади.
Амстердам шаҳри маъмурияти жамоат хавфсизлигига таҳдид бўлишини олдини олиш мақсадида Марокаш-Франция баҳси намойишини оммавий жойларда ташкил этишдан бош тортди.
“Оддий мухлислар ҳам пиротехника воситалари ёки ножўя хатти-ҳаракатлар қурбони бўлиши мумкин”, дейилади Амстердам ҳокимлиги баёнотида.
Айни пайтда пойтахт ҳокимияти қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Шунингдек, Утрехт ва Роттердам шаҳарлари ҳам мухлисларга Марокаш-Франция баҳсини оммавий томоша қилишни ман этди.