Нидерландиялик экспертлар ҳам Сардоба фалокатига кучли шамол ва ёғингарчиликни сабаб қилиб кўрсатди
Жамият
−
18 Май 2020
11631Нидерландиянинг “Deltares“ таҳлил маркази Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши бўйича тадқиқот ўтказди. Бу ҳақда кеча, 17 май куни “Дунё“ ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, тадқиқот Санджай Гири, Геннадий Дончиц ва Марк Хегнауэр мутахассислар гуруҳи томонидан ўтказилган.
Ҳисобот муаллифларининг сўзларига кўра, тўғоннинг бузилишига кўп миқдордаги ёғингарчилик, кучли шамол ёки ички қувурларнинг эрозияси сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассислар сув ресурсларини мақбул бошқариш зарурлигини инобатга олиб, барча табиий (гидрометеорологик, геоморфологик) ҳодисаларни, шунингдек техноген тадбирлар ва сув инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини бошқариш тизимини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича ҳаракатлар жуда муҳим деб ҳисоблайдилар.
Маълумот учун, “Deltares“ сув ва минерал ресурслар бўйича мустақил амалий тадқиқотлар институти ҳисобланади. Марказ Нидерландиянинг Делфт ва Утрехт шаҳарларида жойлашган. Институтда 800 дан ортиқ мутахассислар ишлайди. У одамлар, атроф-муҳит ва жамият учун ақлли ечимлар, янгиликлар ва иловалар устида ишлайди. Асосий эътибор делталар, қирғоқбўйи зоналари ва дарё ҳавзаларига қаратилган. Ижтимоий масалаларни глобал кун тартибига олиб чиқадиган янги ечимларни таклиф қилади. Нидерландия институти ҳукуматлар, корхоналар, бошқа илмий-тадқиқот институтлари ва университетлар билан ҳамкорликда ишлайди.
LiveБарчаси