Сардоба фалокатида айбдорлар қачон маълум қилиниши айтилди
Жамият
−
17 Май 2020
16086Кеча, 16 май куни Сирдарё вилоятида Сардоба сув омборидаги ҳодиса юзасидан Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Бош прокуратуранинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ушбу тергов ишлари қачон якунланиши ва айбдорлар номини қачон эълон қилиниши ҳақида айтиб ўтди.
“Одамлар бирпасда айбдорларни топиб, унга жазо тайинлаб, ҳукм ўқиб юборишади. Бу нотўғри. Нега? Ўзбекистонда конституция амал қилади. Конституцияда ҳар бир фуқаронинг айбсизлик презумпцияси белгиланган. Яъни ҳеч бир шахс айби исботланмагунча, суд ҳукми қонуний кучга кирмагунга қадар айбдор деб кўрсатилмаслиги аниқ белгиланган.
Ҳуқуқий саводхонликни ошириш конституцияни ўқишдан бошланади. Ижтимоий тармоқларда шу нарсани муҳокама қилиб, барвақт хулоса чиқарганлар авваламбор конституцияни олиб ўқиб, шу нормани ўзлаштириб олиши керак.
Жиноят процессуал кодекси талабига кўра, ҳар қандай жиноят иши бўйича 3 ой муддатдан ошмаган ҳолда тергов тамомланиши лозим. Зарурат бўлган пайтда, жиноят ишининг ҳажмига қараб бу муддат 5 ёки 7 ойгача узайтирилиши мумкин. Бунинг ўз тартиби бор.
Тергов давомида ЖПК тартибига кўра, барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилади, мақбул далиллар тўпланади. Ўша пайтда айбдор шахслар доираси аниқланади ва тегишли тартибда ЖПК талаблари асосида уларга айб эълон қилинади, жиноят иши тамомланиб, айблов хулосаси мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилади”, дейди Ҳаёт Шамсуддинов.
Матбуот котиби уларнинг номлари фақат тергов якунида эълон қилиниши мумкинлигини айтиб ўтилди.
“Фамилияларнинг ошкор қилиниши масаласига келсак, ЖПКда аниқ кўрсатиб ўтилган, одил судловни фақатгина судлар амалга ошириши мумкин.
Яъни жиноят иши судга юборилгандан кейин, белгиланган муддатда кўриб чиқилади. Тергов давомида тўпланган далиллар мақбуллиги текширилади. Айбдор шахсларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берилиб, шунга қараб жазо тайинланади ҳамда ҳукм чиқарилади. Ўша ҳукм қонуний кучга киргандан кейингина айбдор шахсларнинг тўлиқ исм-шарифларини оммага эълон қилиш мумкин.
Айбдор шахсларни аниқлаб, жазосини бериб, жазо муқаррарлигини таъминлаш ваколати фақатгина судга берилган”, дейди Бош прокуратура вакили.
Аввалроқ, ушбу фожиада қанча одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси