Нидерландияга борган исроиллик футбол мухлислари ҳужумга учради (видео)
Спорт
−
08 Ноябрь
8283Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳрида “Аякс” ва “Маккаби Тель-Авив” жамоалари ўртасида Европа Лигаси доирасида ўтказилган футбол учрашувидан сўнг исроиллик ўнлаб мухлислар ҳужумга учради. Бу ҳақда “Ynet” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, ўйинни томоша қилиш учун шаҳарга тахминан 3 минг исроиллик борган. “Маккаби” жамоаси 0:5 ҳисобида ютқазган ўйиндан сўнг, шаҳарнинг бир неча жойида исроиллик мухлисларга номаълум шахслар ҳужум қилган. Ушбу шахслардан баъзилари ниқоб таққан бўлиб, қўлларида Фаластин байроқлари ва қуроллар бўлган. Ҳодиса бир неча исроиллик мухлисларнинг кўчада осилган Фаластин байроғини ечиб олганидан кейин содир бўлган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Нидерландия ҳукуматига таяниб, 10 киши жароҳат олгани ва яна икки киши бедарак йўқолганини маълум қилган. Бедарак йўқолганлардан бири – Гай Авигдорнинг оиласи унинг Лондонда яшаши ва дўстлари билан ўйинни томоша қилиш учун Амстердамга борганини айтган.
Нидерландия полицияси шаҳарнинг марказида турли тўқнашувлар ҳақида бир неча хабарлар келиб тушганини билдирган. Ҳодисада 57 киши қўлга олинган, бироқ улар ҳақидаги батафсил маълумот тақдим этилмаган. Полиция вакиллари Дамм майдони атрофидаги тартибсизликлар қисқа давом этгани ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари етиб келганида воқеа тезда барҳам топганини маълум қилган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Амстердамдаги исроилликларни эвакуация қилиш бўйича фармон чиқариб, улар учун икки самолёт жўнатган.
LiveБарчаси