Неймар ПСЖни тарк этадими?
Спорт
−
20 Июль 2023
3614Франциянинг ПСЖ клуби ҳужумчиси Неймар жамоадан қачон кетиши ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда у “Cazе” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унга кўра, бразилиялик футболчи мухлислари билан ўртасидаги муносабати унчалик яхши бўлмаса ҳам шартномаси якунлангунича жамоада қолади.
“ПСЖда қолишга умид қиламан. Мухлислар мени севадими йўқми, мен шу ерда қолмоқчиман. Менинг шартномам бор ва ҳеч ким менга ҳеч нарса дея олмайди”, дейди Неймар.
Гап шундаки, жорий йилнинг май ойида ПСЖ мухлислари клуб ҳужумчиси Неймарнинг уйи олдида норозилик намойиши уюштириб, унинг жамоадан кетишини талаб қилган. Шунингдек, парижлик ишқибозлар ПСЖ раҳбарияти қароргоҳи олдида ҳам жамоа таркибини ўзгартиришни талаб қилиб норозилик билдирган. Улар Неймар, жамоанинг собиқ ҳужумчиси Лионель Месси, собиқ бош мураббий Кристоф Гальте ва президент Носир Ал-Хелайфийни ҳақорат қилган.
Маълумот учун, Неймар 2017 йилдан бери ПСЖ шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Мутахассис ва клуб ўртасидаги шартнома 2025 йилгача мўлжалланган. Бразилиялик ҳужумчи 2022/2023 йилги мавсумда Франция 1-лигасида 20 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 11 та голли узатмани амалга оширди.