Нетаньяху Исроилнинг Ғазога ҳужумидан тинч аҳоли жабрланаётганини тан олди
Олам
−
18 Октябрь 2023
7829Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроилнинг ҳарбий зарбалари оқибатида Ғазодаги тинч аҳоли жабрланаётганини тан олди. Бу ҳақда у бугун, 18 октябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашув якунлари бўйича баёнотида маълум қилди.
"Исроил террорчиларга қонуний ҳужум қилганда, афсуски, тинч аҳоли ҳам жабр кўради. Бунинг учун ҲАМАС айбдор ва у барча тинч аҳоли қурбонлари учун жавоб бериши керак", деган Нетаньяху.
Шу билан бирга, у Исроил Ғазо секторида тинч аҳоли қурбонларини минималлаштиришга интилаётганини таъкидлаган ва яна анклав аҳолисини “хавфсизроқ ҳудудларга кўчиб ўтишга” чақирган.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 3,3 минг киши ҳалок бўлган, 13 минг киши жароҳатланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,4 минг кишини ташкил этади.