Нетаньяху Ўзбекистонга келса, ҳибсга олинадими?
Жамият
−
23 Ноябрь
3350021 ноябрь куни Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) судгача бўлган палатаси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган эди.
Қарор 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача содир этилган “инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари” туфайли қабул қилинган.
Шундан сўнг, кўплаб давлатлар мазкур ордерни қўллаб-қувватлашини эълон қила бошлади. Масалан, биринчилардан бўлиб Канада ва Буюк Британия ҳам Нетаньяхуни ҳибсга олишга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, Нидерландия ҳам агар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига борса, уни Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) ордери бўйича ҳибсга олади. Ҳатто Хитой Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар сабаб Халқаро жиноий суднинг Нетаньяху ва Галантни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлади.
Хўш, Ўзбекистон-чи? Мамлакат бу вазиятда қандай йўл тутади? Нетаньяхуни ҳибсга ололадими? QALAMPIR.UZ’нинг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, Ўзбекистон Нетаньяхуни ҳибсга ололмайди.
“Ўзбекистон Республикаси Халқаро жиноий суднинг қарорларини бажаришни ўз зиммасига олмаган. Бу тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ратификация қилмаган. Шундан келиб чиқсак, Халқаро жиноий суд томонидан берилган қамаш, ҳибсга олиш бўйича қанақадир ордерларни бажариш бўйича Ўзбекистонда ҳеч қандай мажбурият йўқ”, деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Аммо Ўзбекистон Яқин Шарқда урушлар тўхтамагунича Нетаньяхуни мамлакатга ташрифини кутаётгани йўқ.
Маълумот учун, Гаагадаги Халқаро жиноий суд 2023 йилда Россия Президенти Владимир Путинни ҳам ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берган эди. Ўзбекистон эса, юқорида айтилганидек, Рим статутини ратификация қилмаган ва шунинг учун ХЖС қарорларини бажариш мажбуриятини олмаган. Шунинг учун Путин жорий йил май ойида Ўзбекистонда меҳмон бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Халқаро жиноий суднинг Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер берганини “ғазабнок” деб атагани, Россия эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумонлиги ва Москва учун ушбу қарорлар аҳамиятсиз эканини маълум қилган эди.
LiveБарчаси