Путин Ўзбекистондан нима олди-ю, нима берди?
Таҳлил
−
28 Май
16279Россия Президенти Владимир Путин икки кун Ўзбекистонда меҳмон бўлди. У 7 май куни расман қайта президент лавозимига ўтиргандан кейин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан биринчи бўлиб Ўзбекистонга келиши кутилганди. Аммо у йўл-йўлакай Хитой ва Белорусда ҳам меҳмон бўлишга улгурди. Хўш, жуда катта тайёргарлик кўрилган бу ташрифда Президентлар нималарга келишиб олди?
Владимир Путин ўтирган самолёт Тошкент аэропортига 26 май куни кечқурун келиб қўнди. Уни Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи кутиб олди. Шундан сўнг, Мирзиёев россиялик мавқедошини "Янги Ўзбекистон" боғига таклиф қилди. Путин у ерда Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Шу билан ташрифнинг биринчи куни ўз ниҳоясига етди. Эртаси куни тонгда “Кўксарой” қароргоҳида Россия раҳбарини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Юқорида Президентнинг келишига бежиз катта тайёргарлик кўрилди, демадик. Чунончи, тармоқларда ҳали битмаган биноларнинг чиройли бинолар тасвири туширилган баннерлар билан беркитилаётгани акс этган видеолар тарқалди. Аммо шундай "ғоя"ни ўйлаб топган амалдорлар об-ҳавони ҳисобга олмабди - баннерлар шамолда йиртилиб туша бошлади.
Мамлакатга шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин иштирокида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун яна 18 нафар ҳудуд раҳбарлари ҳам келди. Улар орасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам бор эди. Уни Тошкент халқаро аэропортида шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ҳамда Президент хавфсизлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Отабек Умаров кутиб олди.
Музокаралар бошланишидан аввал Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари ўз делегациялари аъзоларини таништирди. Музокаралар тор доирадаги суҳбатдан бошланиб, кенгайтирилган таркибда давом этади.
Учрашувда, асосан, ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Путиннинг аввалги ташрифида ҳам эътибор марказида турган газ масаласи ҳақида сўз борди. Ёдингизда бўлса, 2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон "Газпром" билан йилига 2,8 миллиард кубометр – кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олиш бўйича икки йиллик шартнома тузганди. 2023 йилнинг декабрь ойида эса Тошкентнинг илтимосига биноан рус компанияси газ етказиб беришни икки бараварга оширди. Энди 2026 йилдан бошлаб Россия газининг Ўзбекистонга транзит ҳажми тўрт бараварга ошиб, йилига 11 миллиард куб метргача етиши кутилмоқда.
Билдирилишича, ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Хусусан, сўнгги 7 йилда савдо айланмаси 2,5 баробар ошган. Эндиликда ушбу савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш режалаштириляпти. Шу сабабдан Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этиладиган бўлди.
Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди. Турли йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.
Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш ҳамда Ўзбекистонда Bauman номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида билдирилишича, Президентлар Ўзбекистонда рус тили ва рус тилидаги фанларни ўқитиш сифатини ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишди.
Шунингдек, учрашувда сўз борган AES қуриш масаласи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки AES иссиқлик электр станцияларига нисбатан ҳамёнбоп, аммо хавфли иншоотдир. Уни қуриш жараёнини назорат қилиш, сифатига жавоб бериш, станциядан чиққан нурланган сув ва катта миқдордаги радиоактив чиқиндиларни қандай йўқ қилиш масаласи сўроқ остида турибди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистонда шундоқ ҳам сув танқислиги ва экология муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Иккала давлат раҳбарини учрашувда қолдириб, Тошкентга келган Рамзан Қодировга тўхталсак. 27 май куни Чеченистон раҳбари Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” музейига борди. Меҳмонлар учун зиёфат ва концерт дастури ташкил этилди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров ҳам қатнашди. Зиёфатдан сўнг Рамзан Қодиров таниқли ўзбекистонлик жангчи, UFC ўрта вазн тоифасида иштирок этаётган Нурсултон Рўзибоев билан ҳам кўришди.
Яна олий даражадаги музокараларга қайтсак, Ўзбекистон аҳолисини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган яна бир муаммо - Россиядаги ўзбек мигрантлари масаласи ҳам Президентлар суҳбатидан четда қолгани йўқ. Владимир Путин Россия ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун Федерацияда муносиб меҳнат шароитларини таъминлашда барча имкониятларни ишга солишига ваъда бериб кетди.
“Россияда миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси яшаб, меҳнат қилмоқда. Уларнинг Россия иқтисодиётини, айниқса, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва логистика каби жадал ривожланаётган тармоқларни ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссасини юксак қадрлаймиз”, дейди Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, мигрантларга шароитлар яратиб бериш ҳар икки томонда ҳам кучайтирилади. Бу сўзларнинг амалини эса кейинги йиллар давомида кўрамиз.
Хуллас, Путин ва Мирзиёевнинг ҳамкорлик масалаларига бағишланган ушбу мажлисида умумий ҳисобда 27 та ҳужжат имзоланди. Музокаралар якунида 63 банддан иборат “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишга топшириқ берилди.
Путин Ўзбекистонда ҳужжатларни имзолаш билан овора экан, Европа Иттифоқи Россияни инсон ҳуқуқларини бузганликда айблаб, мамлакатга янги санкцияларни жорий қилди. Шундай қилиб, Россия раҳбари Тошкентдан Ўзбекистон билан бир қатор янги келишувлар ва Европанинг янги санкциялари билан қайтди.