Немис мураббийи футбол ватанининг бош жамоасига устозлик қилади
Спорт
−
16 Октябрь
2084Германиялик мутахассис Томас Тухель Англия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, Тухель 2025 йилнинг 1 январидан ўз вазифасини бажаришга киришади. Унга мураббий Энтони Барри ёрдам беради. Тухель ва Баррини мураббийликка олиб келиш қарори ўтган ҳафта бошида ассоциация кенгаши томонидан маъқулланган ва Тухель 8 октябрда шартнома имзолаган. Билдирилишича, эндигина якунланган халқаро йиғиндан чалғимаслик учун эълон кечиктирилди.
“Мен Англия терма жамоасини бошқариш шарафига сазовор бўлганимдан жуда фахрланаман. Бу мамлакатда футбол билан алоқани анчадан бери ҳис қилганман ва бу ер менга ақл бовар қилмайдиган лаҳзаларни тақдим этган. Ёрдамчим бўладиган Энтони билан биргаликда Англиянинг муваффақият қозониши учун ҳамма нарсани қиламиз”, дейди Тухель.
“Уч шерлар”нинг вақтинчалик бош мураббийи Ли Карсли эса йил охиригача жамоани бошқаришда давом этади. Кейин эса 21 ёшгача бўлган футболчилар жамоаси билан ишлашга қайтади. Карсли Гарет Саутгейт кетганидан сўнг август ойидан бери “Уч шерлар”нинг вақтинчалик мураббийи бўлиб ишлаб келмоқда.
Маълумот учун, Тухель 51 ёшда. Мутахассис фаолияти давомида “Майц”, “Боруссия Дортмунд”, Франциянинг “Пари Сен-Жермен”, Лондоннинг “Челси” ва “Бавария” клубларида ишлаган. Тухель икки карра Франция чемпиони, Германия чемпиони, Европа Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби, UEFA Суперкубоги соҳиби ҳисобланади.