Нега Чусовитинадан байроқдорлик олиб қўйилди? Ойбек Қосимов жавоб берди

Спорт

Токио-2020 Олимпиадасида Оксана Чусовитинадан Ўзбекистон байроқдори бўлиш вазифаси тортиб олингани кўплаб мунозаларга сабаб бўлди.

Бугун, 19 август куни Токио шаҳрида ўтказилган XXXII ёзги Олимпиада якунлари ва сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида Миллий Олимпия қўмитаси котиби Ойбек Қосимов байроқдорлик масаласи атрофидаги мунозара юзасидан фикр билдирди.

“Авваламбор, Чусовитинага байроқдор бўлиш таклифини шахсан ўзим берганман. Сабаби, Рио Олимпиадасидаги иштирокидан сўнг у билан қилган кўп суҳбатларимизда кейинги Олимпиадага чиқса, парадга чиқишни хоҳлашини айтганди. Шунда мен ҳазил аралаш байроқдор бўлинг, дегандим.

Олимпиада арафасида қилган суҳбатимизда эса: “Катта эҳтимол билан охирги Олимпиадам бўлса керак, шу сабаб очилиш маросимига чиқишни ният қилганман”, деди. Ўша пайтда биз унга байроқдор бўлиш таклифини бердик, у бундан хурсанд бўлиб, таклифни қабул қилди. Ҳақиқатдан, биз ёш спортчиларга ўрнак бўлиши учун Оксанага Бобоусмон Ботуровни шерик қилиб тайинлаган эдик", дейди Ойбек Қосимов.

МОҚ масъулининг сўзларига кўра, мусобақа қуръаси ташлангач, дастлаб тайинланган байроқдорлар баҳси дастлабки кунларга тўғри келган. Натижада уларнинг ўрнига бошқа спортчиларни тайинлаш зарурати пайдо бўлган.

Кейинчалик, мусобақа қуръасига кўра, Бобоусмоннинг ҳам, Оксананинг ҳам баҳслари очилиш маросимининг эртасига тўғри келиши маълум бўлди. Чусовитинанинг ўзи билан гаплашганимизда, у шунчаки қатнашиб кетишни эмас, балки сўнгги Олимпиадасини медаль билан якунлашни хоҳлашини, шу сабабли тайёргарлик ва машғулот жараёнларига катта эътибор бераётганини айтиб ўтди.

Кейин кўплаб ОАВ вакиллари, федерациядагилар ҳамда спортчининг ўзи билан гаплашиб, мусобақа тақвимидан келиб чиққан ҳолда турнирнинг дастлабки 2-3 кунида баҳсларга киришадиган спортчиларни парадга чиқармасак, деган таклифни илгари сурдик. Биринчидан, очилиш маросими камида 3-4 соат давом этар эди, иккинчидан, ўша куни ҳаво жуда иссиқ эди, табиийки бу спортчининг чарчаб, кучдан қолишига сабаб бўлар эди.

Шу тариқа, мураббийлар штаби ҳамда федерация вакиллари билан келишувдан сўнг якунда байроқдор бўладиган спортчиларни ўзгартириш таклифи киритилди”, деган Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, Олимпиадада Ўзбекистон делегациясига Оксана Чусовитина ва Бобоусмон Ботуров ўрнига Баҳодир Жалолов ва Нигора Турсунқулова жуфтлиги байроқдор бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Оксана Чусовитина Ойбек Қосимов

Баҳолаганлар

264

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг