Назарбоев ҳам Мирзиёевни табриклаш учун сим қоқди
Жамият
−
24 Июль 2022
7933Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 июль куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Президент Мирзиёевни таваллуд куни билан дилдан қутлаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилган. Шу йилнинг 20-21 июль кунлари Қирғизистонда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг якунларига юксак баҳо берилган.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг Қозоғистонда “қонли январь” воқеалари рўй берганидан буён иккинчи марта Нурсултон Назарбоев билан мулоқот қилмоқда. Бундан аввал Мирзиёев ва Назарбоев ўртасида телефон мулоқоти жорий йилнинг 6 июль куни, Нурсултон Назарбоевнинг 82 ёшни қаршилаши муносабат билан бўлиб ўтган эди.
Мирзиёев ва Назарбоев ўртасидаги сўнгги учрашув 2021 йилнинг 5-6 декабрь кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида ўтказилган.