Мирзиёев Элбоши музейига борди. Унга Дариға Назарбоева ҳамроҳ бўлди (фоторепортаж)

Жамият 6326
image

Бугун, 6 декабрь куни олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Учрашувдан сўнг давлат раҳбари Элбоши музейига ташриф буюрди.

Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Элбошини мустақил Қозоғистон асосчисининг улкан хизматлари эътирофи сифатида декабрь ойининг биринчи санасида нишонланадиган байрам - Биринчи Президент куни билан самимий қутлади.

Ўзбекистон етакчиси Нурсултон Назарбоевнинг чуқур ўйланган сиёсати туфайли биродар Қозоғистон халқи ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида юксак муваффақиятларга эришганини таъкидлади.

Президент Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ривожида Элбошининг шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Бугун Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзолангани мулоқотларни фаоллаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлди.

Учрашувда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиё маконида сиёсий мулоқот фаоллашгани, Маслаҳат учрашувлари механизми йўлга қўйилгани, дўстлик ва ишонч муҳити шакллангани таъкидланди.

Нурсултон Назарбоев бу галги давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Сўнг Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти музейига ташриф буюрди. Музейда Ўзбекистон Президентига Элбошининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ҳамроҳлик қилди.

Бу ерда Назарбоевнинг иш хоналари асл ҳолича сақлаб қолинган. Йиғилишлар ва журналистлар билан учрашувлар ўтказилган мажлислар залида замонавий Қозоғистоннинг тараққиёт йўлига бағишланган экспозиция жойлашган. Кўплаб экспонатлар Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан ташқи сиёсий алоқаларидан сўзлайди.

Давлат раҳбари музей билан танишиб, Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 3.2
t
×