Навоийда 10 мингдан ортиқ аҳоли кўчирилади – QALAMPIR.UZ
Жамият
−
08 Январь 2020
44412“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига қарашли очиқ конлар билан чегарадош бўлган Учқудуқ туманидаги “Кокпатас”, Зарафшон шаҳри яқинидаги “Мурунтау” овулидаги қарийб 1000та хонадон, шунингдек Навоий шаҳридаги саноат зонасида жойлашган ширкат ҳудудидаги 2500дан ортиқ дала ҳовлиларда доимий истиқомат қилиб келаётган 10 мингдан ортиқ аҳоли бошқа жойга кўчирилиши бўйича жараён бошланган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Бу масалада Сенат 2019 йилнинг 14 декабрь кунида СҚ-563-III сонли қарорни қабул қилган. Қарор юзасидан Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ депутатлари Кенгаши ва бошқа ташкилотларга бир қатор вазифалар юклатилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда 1 ой муддатда мазкур қарорда қайд этилган ва Республика даражасидаги масалаларни ҳал этиш кўрсатилган. Шу билан бирга, махсус комиссия тузган ҳолда юқоридаги манзилларда яшовчи (айнан қарорда кўрсатилган ҳудуд) аҳолисини бошқа жойга кўчириш масаласини тўлиқ ҳал этиш чораларини кўриши лозимлиги кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига қарашли очиқ конлар билан чегарадош бўлган Учқудуқ туманидаги “Кокпатас”, Зарафшон шаҳри яқинидаги “Мурунтау” овулидаги қарийб 1000та хонадон аҳолисидан мазкур конларда доимий равишда бурғулаш ва портлаш ишларининг олиб борилиши оқибатида юзага келаётган муаммолар хусусида эътирозлар кўпайган.
Вилоятда юзага келган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолардан бири йирик корхоналарга туташ ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини кўчириш ёки улар учун муносиб турмуш тарзини яратиш билан боғлиқ ҳисобланади.
Қарорда белгиланишича, масъулларга жорий йилнинг 15 январига қадар чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ижроси юзасидан 20 январга қадар Сенатга маълумот тақдим қилиш белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (Т.Мадумаров) мазкур Қарор ижросининг боришини 2020 йилнинг 1 июнига қадар халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши билан биргаликда қўшма мажлисда жойига чиққан ҳолда муҳкама қилиши кўрсатиб ўтилган.
Навоий вилояти ҳокимияти Матбуот хизмати билан боғланганимизда бу бўйича амалий ишларнинг барчаси навбати билан қонун доирасида амалга оширилиши мансабдоларнинг назоратидалиги, асосий масала аҳоли соғлигини ҳимоялаш экани ва тез орада бу хусусида тўлиқ расмий маълумот берилиши айтилди.
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, мазкур ҳудудлар аҳолиси, албатта, кўчирилади. Уйларнинг бузилиши, улар қаерга кўчирилиши, шахсий мулк учун компенсация пулларини тўлаш Президент айтганидек адолатли ҳал этилишига ишонгимиз келяпти.
LiveБарчаси