Навоий ётган замин. Афғонистондаги уруш қачон ва нима сабаб бошланганди? (2-қисм)
Таҳлил
−
03 Март 2020
39053Сайтимизда “Навоий ётган замин. Афғонистондаги уруш қачон ва нима сабаб бошланганди?” номли мақола эълон қилинганди. Мақолада Ўзбекистоннинг жанубдаги Афғонистондаги алғов-далғовларнинг дастлабки босқичи ёритилганди.
Кўп йиллардан бери нотинч Афғонистонда урушнинг дастлабки босқичи СССР ҳарбийлари ва афғон мухолифати – мужоҳидлар ўртасида кечган бўлса, кейинги даврда қуролли тўқнашувлар ҳукумат кучлари ва мужоҳидлар ўртасида бўлди. Бироз вақт ўтиб, кучга тўлган “Толибон” мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб олди. Афғонистон шимолида толибларга бўйсунмаган альянс тузилди.
Майдон кенгаймагани ҳолда у ердаги ўйинчилар сонининг ортиши мамлакатдаги кескинликни ошишига сабаб бўлди. Афғонистондаги урушнинг иккинчи босқичида мамлакат расман “қора дори уяси” мақомини олди. Афғонистонда фуқаролар уруши нафақат давлатнинг қолоқ бўлиб қолишига, балки юз минглаб одамларнинг бевақт ўлимига олиб келди.
СССР армияси 1989 йилда Афғонистонни тарк этган бўлса ҳам мамлакат ҳукуматини АҚШ, Покистон ва бошқа бир нечта давлатлардан ёрдам олаётган мужоҳидларга қарши курашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турди. Аммо “Қизил империя” парчаланганидан кейин, Афғонистон Демократик Республикаси ҳам кўпга бормади.
СОВЕТ АРМИЯСИ КЕТГАНИДАН КЕЙИНГИ УРУШ
1989 йил 15 февралда СССР қўшинлари Афғонистондан кетгач, Ғарб мутахассислари советпараст ҳукумат дарҳол қулайди, деб тахмин қилганди. Мухолифат ҳам ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумларни жадаллаштирди. Бироқ “Қизил империя”дан қурол-яроғ, озиқ-овқат, етмаганидек, ҳарбий маслаҳатчиларнинг ҳам келиб туриши Нажибулла режимини 3 йил сақлаб турди.
Шу билан бирга, 1987 йилда бошланган миллий ярашув жараёни ҳам давом этди. Мамлакатда янги конституция кучга кирди, сиёсий партиялар тўғрисида, ижтимоий-сиёсий ташкилотлар тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.
Мужоҳидлар миллий ярашув сиёсатини ва ўқ отишни тўхтатиш ҳақидаги таклифни ҳукуматнинг заифлиги деб баҳолаб, советпараст ҳукуматга қарши курашни кучайтирди. Ўқ отишни бир томонлама тўхтатиш ҳукуматнинг аҳволини танглаштирди. Президент ва ҳукумат зарурат туғилганда мамлакатни тезда тарк этиш учун Кобул аэродромига кўчиб ўтди. Кўплаб амалдорлар ишга чиқмай, мужоҳидлар билан алоқа ўрната бошлади.
АФҒОНИСТОННИНГ ҲАРБИЙ ЗАХИРАЛАРИ
Афғонистонда социализмнинг 1992 йилгача сақланиб қолишида ҳукумат қўл остидаги қуроллар асосий омил бўлган. Улардан энг муҳими эса Совет Иттифоқи берган кўп миқдордаги ҳарбий техникалар. 1989 йилда ҳукумат ва ҳукумат тарафдори бўлган кўнгиллилар қўл остида 1568 та танк, 828 та бронетранспорт, 4880 та артиллерия, 126 та замонавий қирувчи самолёт ва 14 та вертолёт бўлган. СССРдан яна 6 млрд долларлик ҳарбий техника келган. Бу қуроллар мужоҳидларни тийиб туриш имконини берган.
Бу даврда Афғонистон ҳукуматининг муҳим кўмакдоши Абдул Рашид Дўстум бўлинмаси бўлди. Асосан ўзбеклардан тузилган расмий номи 53-пиёда дивизияси давлат ғазнасидан маблағ олиб турган. 40 минг кишилик бўлинма бевосита Нажибулладан буйруқ олган ва унинг стратегик захираси ҳисобланган. 1989 йилдан кейин Дўстум кўшини ҳужумкор операциялар ўтказиши мумкин бўлган ягона куч сифатида кўрилган.
Мужоҳидлар эса АҚШ, Саудия Арабистони ва Покистондан ҳарбий ёрдам олишда давом этган. АҚШ Аҳмад Шоҳ Масуд бошқарувидаги мужоҳидларни қўллаб турган. Уларга ёрдам бериш Президент Рональд Рейганнинг “Циклон” дастури доирасида сезиларли ошган.
АФҒОНИСТОНДА КОММУНИСТЛАРНИНГ ҚУЛАШИ
1989 йил баҳорга келиб мужоҳидлар Афғонистонда коммунистларни тезроқ қулатиш учун йирик ҳарбий операциялар бошлади. Мужоҳидларнинг баъзи етакчилари жумладан, Абдул Ҳақ партизанлик юришларини давом эттириб, ҳукуматни кучсизлантиришни таклиф қилди. Аммо уларнинг ҳомийлари АҚШ ва Покистон жараённи тезлатишни истарди. Покистон Жалолободни эгаллаб, у ерда фундаменталистлардан иборат Муваққат афғон ҳукуматини тузиш ниятида эди. Унга Абдул Расул Сайяф Бош вазир, Гулбеддин Ҳикматёр Ташқи ишлар вазири бўлиши керак эди.
Мужоҳид аскарлари Жалолободга ҳужум арафасида 10 мингни ташкил этарди. Жалолободга ҳужум 5 март куни бошланган. Мужоҳидлар дастлаб Самаркел қишлоғи ва Жалолобод аэродромини эгаллади. Аммо Жалолобод гарнизони яхши ҳимояланганди. Ҳукумат кучлари ҳар куни ҳаводан зарбалар берар, миналанган майдон эса мужоҳидларни ҳавотирга соларди. Бундан ташқари, мужоҳидлар турли гуруҳларга бўлингани боис ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг имкони бўлмасди. Май ойи ўрталарига келиб, улар Жалалобод юришида деярли муваффақиятга эришмаганди. Июнда мухолифат ҳукумат кучларининг Самаркел қишлоғига ҳужумини қайтаришга ҳам қодир бўлмади. Мужоҳидларнинг 3000 нафари ҳалок бўлганди.
Муваффақиятсизликлар ортидан Покистон Бош вазири Беназир Бхутто ISI – Покистоннинг ташкилотлараро разведкаси бошлиғи Ҳамид Гулни истеъфога чиқарди. Унинг ўрнини афғон партизанларини қўллаб-қувватлашда классик усулдан фойдаланган Шамсур Раҳмон Каллу келди.
Мужоҳидларнинг муҳимроқ ғалабаларидан бири Хост шаҳрининг эгалланиши бўлди. 11 йиллик қамалдан кейин 1991 йил 11 апрелда Жалолиддин Хаққони музокаралар билан шаҳарни эгаллади. 1991 йилнинг ярмига келганда афғон ҳукумати назоратида мамлакатнинг 10 фоизи қолганди.
1992 йил 27-28 апрелда генерал Абдул Рашид Дўстум ёрдами билан Кобулда давлат тўнтариши уюштирилди. Натижада фуқаролар уруши янги босқичга кўтарилди. Шу тариқа имконият жиҳатидан устунликка эга бўлган Афғонистон ҳукумат кучлари мағлуб бўлди. Мужоҳидлар мутлақ ғалабага эришди. Афғонистон Демократик Республикаси йўқ қилинди, шундан сўнг мамлакатда коммунистик қарашлар қайта уйғонмади.
АДРни бошқарган Нажибулла Муҳаммад эса Афғонистондаги БМТ қароргоҳида қўним топиб, 1996 йилгача шу ерда яшади. “Толибон” 1996 йилда Кобулни эгаллаганда, Нажибуллани тутиб олиб, уни қийноқлар билан ўлдирди. Жасадни машинага боғлаб 2 км масофага судраб бориб, қонга беланган жасадни Президент қароргоҳи олдига осишди.
МУЖОҲИДЛАРНИНГ АФҒОНИСТОН БОШҚАРУВИГА КЕЛИШИ
Нажибулла ҳокимияти ағдарилгач, мамлакат Афғонистон Ислом Давлати (АИД) деб номланди. АИД 1992 йил декабрдан 2001 йил декабргача мавжуд бўлди.
Мужоҳидларнинг ўзи ҳам еттита катта гуруҳларга бўлинганди. Уларнинг ҳар бири ўз партиясини тузганди. Ана шу етти партия 1982 йилда Покистоннинг Пешовар шаҳрида “Еттилик альянси”ни тузди. Альянс “Пешовар еттилиги” деб ҳам аталган. Унинг аъзолари асосан пуштунлар бўлиб, Исломнинг суннийлик мазҳабига эътиқод қиларди.
Афғонистонда жамият турли миллатга мансуб, эътиқодлари ҳам турлича бўлган гуруҳлардан иборатлиги сабабли уни характерлаш мураккаб. Қайсидир гуруҳ бошқа бир гуруҳ билан яхши алоқаларни сақлаган ёки аксинча, зиддиятли муносабатларни устун кўрган. Кўплаб гуруҳларнинг бир ташкилотга бирлашишга уриниши якунда иккита асосий гуруҳни шакллантирган: мутаассиб исломчилар ва миллатчилар.
Афғонистонда мужоҳидларнинг “Еттилик альянси”га қуйидаги сиёсий гуруҳлар қўшилган:
• “Афғонистон ислом партияси” (АИП). Унга Гулбиддин Ҳикматёр раҳбарлик қилган. У АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси кўрсатадиган ёрдамнинг 40 фоизини олган.
• “Афғонистон ислом жамоати” (АИЖ). Унга Бурҳониддин Раббоний етакчилик қилган.
• “Афғонистонни озод қилиш ислом иттифоқи”. Бу партиянинг раҳнамоси Абдул Расул Сайяф бўлган. Партия Саудия Арабистони билан алоқаларини яхшилаган, асосий ёрдамни ҳам подшоҳликдан олган.
• Юнус Ҳолиснинг “Афғонистон ислом партияси”. Гулбиддин Ҳикматёр партияси билан номдош сиёсий гуруҳ. Партия етакчиси альянсдаги раҳбарлар ичидан барча ҳарбий ҳаракатларда шахсан қатнашиши билан ажралиб турган.
Қолган уч партия анъанавийликни устун кўрган. Улар Афғонистонга революциягача бўлган тартибни қайтариш тарафдори бўлган. Булар:
• “Афғонистон миллий ислом фронти” (АМИФ). Унга Саид Аҳмад Ғилони раҳбарлик қилган, қуролли аскарларни Абдул Раҳим Вардак бошқарган. Ташкилот Покистондаги афғон қочоқлари орасида катта таъсирга эга бўлган. АМИФ энг дунёвий ва ғарбга интилувчи мужоҳидлар ҳаракати ҳисобланган.
• “Афғонистонни қутқариш миллий фронти” (АҚМФ). Сибғатуллоҳ Мужаддиди раҳбарлигидаги партия аъзолари қадар кўп бўлмаган. Ташкилот Афғонистонга собиқ Зоҳир Шоҳни қайтариш тарафдори бўлган.
• “Афғонистон ислом инқилоби ҳаракати” (АИИҲ). Бу гуруҳ етакчиси Муҳаммад Наби Муҳаммади диний арбоб бўлган. Бу энг мутаассиб ташкилот ҳисобланган.
1992 йил 28 апрелда 28 июнгача Сибғатуллоҳ Мужаддиди АИД Президенти вазифасини бажарди. 1982 йил 24 апрелда мужоҳидлар етакчилари Пешоварда учрашиб, Ислом жиҳоди кенгашини тузди. Уни Мужаддиди бошқарди. Аҳмад Шоҳ Масуд Мудофаа вазири этиб тайинланди. Бироқ бутун ҳокимиятини якка ўзиники қилишга уринган Гулбиддин Ҳикматёр охир-оқибат Аҳмад Шоҳ Масуд томонидан мағлуб этилди. 28 апрелда мустақил Афғонистон Ислом Республикаси эълон қилинди. Ҳикматёр аскарларининг қолганлари тузилган ҳукуматга қарши ҳаракатни давом эттирди. Бу орада суннийлар ва шиалар орасида низо чиқди. Бунга шиаларнинг 8 та вазирлик ўрнини талаб қилиши сабаб бўлди. Можаро музокаралар орқали ҳал қилинди.
1992 йил июнда Мужаддиди ўз ўрнини Бурҳониддин Раббонийга бўшатиб берди. Устод Фарид Бош вазир ва Аҳмад Шоҳ Масуд Мудофаа вазири лавозимини эгаллади. Бироқ, орадан бир неча ой ўтиб, Кобулда Раббоний ва унинг рақиблари ўртасида тўқнашув бўлди. Унинг ортидан Ҳикматёр тарафдорлари Кобулни артиллериядан ўққа тутди. Можаро 1994 йилдагина ҳал этилди. Бу исёнчиларни яксон қилиш ва энг обрўли уч етакчи ўртасида келишув тузиш билан амалга ошди. Кейинги можаро Раббоний Бош вазир мандатисиз ўз президентлик муддатини 6 ойга узайтирганида юз берди. Ўша вақтдаги Бош вазир Ҳикматёр Покистон разведкаси кўмагида Кобулга зарба берди. Бу сафар низо БМТ вакили иштирокидаги музокаралар натижасида ҳал этилди. Унинг ортидан мужоҳидларнинг турли гуруҳлари парламентда тенг ўринга эга бўлди.
Томонлар ўртасидаги тўқнашувлар бусиз ҳам издан чиққан иқтисодиётни боши берк кўчага олиб бориб қўйди. Пойтахтдан ташқарида мамлакатни амалда дала қўмондонлари (полевой командир) бошқарган. Стратегик муҳим йўллардан ўтиш учун бож тўланарди, деҳқонлар эса кўкнори етиштиришни бошлади, одамларнинг ўғирланиши эса кундалик ҳолатга айланиб қолди. Айни шу вазият мамлакатда толиблар (ислом ўқувчилари)нинг ҳокимиятга келишига бош омил бўлди. Бу ҳаракатнинг етакчиси ва ғоявий раҳнамоси мулла Муҳаммад Умар бўлди. У советлар билан урушда мужоҳидлар сафида қаршилик кўрсатган.
мулла Муҳаммад Умар "Толибон" асосчиси
“ТОЛИБОН”НИНГ АФҒОНИСТОННИ ЭГАЛЛАШИ
“Толибон” 1994 йилда вужудга келди. Тез фурсатда қуролланиб, Қандаҳор провинцияси аҳолиси ва покистонликлар кўмагида 1994 йилнинг ноябрида Қандаҳорни эгаллади. Ҳаракат маҳаллий пуштун аҳоли орасида тез оммалашиб, сафини кенгайтирди. 1998 йилга келиб толиблар Ҳирот, Кобул ва Мозори-Шарифни назоратига олди. Хусусан, 1996 йил 27 сентябрда Кобул жангсиз олингач, мамлакат Афғонистон Ислом Амирлиги деб номланди. 2001 йилда эса мамлакатнинг 90 фоизини босиб олди. Толибларнинг ҳарбий ҳаракатлардаги муваффақиятлари бир қанча омиллар билан изоҳланади. Биринчидан, улар Саудия Арабистони ва Покистон томонидан қўллаб-қувватланган. Иккинчидан, уларнинг ислом эътиқодига содиқлиги кўп йиллардан бери қийналиб келган аҳолининг кенг қатламида ҳайрихоҳлик уйғотган. Бу уларнинг сафи кенгайишига хизмат қилган. Учинчидан, толиблар мамлакатда тартиб ўрнатган (аввало йўлларда қароқчиликка барҳам берган).
2001 йилга келиб “Шимолий Альянс” назоратидаги шимолий ҳудудлардан ташқари барча ҳудуд “Толибон” назоратига ўтди. Янги ҳукуматни Покистон, Саудия Арабистони ва БАА тан олди. Аммо бошқа давлатлар толиблар ҳаракатини қоралади. Норозиликлар энг аввало Афғонистонда инсон ҳуқуқларининг топталиши ортидан келиб чиқди. Толибларнинг сиёсий обрўси ортиши билан телевидение тақиқланди, радио “шариат овози” деб номланди. Шариат қонунлари сиёсий бошқарувда асосий воситага айланди. “Толибон” БМТга Усома бен Ладен ва “Ал-Қоида”нинг бошқа етакчиларини беришдан бош тортганидан кейин вазият янада кескинлашди. Бундан ташқари, толиблар бутун дунёда терактлар уюштириш учун террорчилар тайёрлашда айбланди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча беш аъзоси “Толибон”га қарши эканини билдирди.
Россия Чеченистонга қурол етказиб беришни тўхтатмаса Кобулни бомбардимон қилишини маълум қилди. Хитой толибларни ўз ҳудудида диний можаро чиқаришда айблади. АҚШ эса Кения ва Танзаниядаги элчихоналарига ҳужумдан кейин террорчиларнинг тахминий базаларига 20 та ракета зарбаси берди. Эрон ўз дипломатлари ўлдирилганидан кейин Афонистон билан чегарага 250 минг аскар ташлади. 1999 йилда қатор давлатлар Афғонисонга қарши иқтисодий санкция қўллади. Бироқ толиблар босқинчилик сиёсатини давом эттирди. Улар Аҳмад Шоҳ Масуд бошчилигидаги “Шимолий Альянс”нинг йўқ қилишга уринарди. Афғонистон атрофидаги можаро 2001 йил 11 сентябрда АҚШда уюштирилган террорчилик актидан кейин чўққисига чиқди.
1996 йилда мамлакатнинг катта қисми “Толибон” томонидан эгалланганига қарамай, мамлакат шимолига жойлашиб олган Бурҳониддин Раббоний ва “Шимолий Альянс” халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган кучлар сифатида қолаверди. Бу ҳол 2001 декабргача ҳукм сурди. 2001 йил охирида халқаро террорчиликда айбланган “Толибон” АҚШ ҳарбийлари томонидан қўллаб-қувватланган “Шимолий Альянс” томонидан яксон қилинди. 22 декабрь куни Президент Раббоний истеъфога чиқди. Бир вақтнинг ўзида афғон сиёсий доираларининг Бонн конференцияси натижасига кўра, Ҳамид Карзай бошчилигида Афғонистоннинг вақтинчалик маъмурияти шакллантирилди.
“ТОЛИБОН” ВА ГИЁҲВАНД МОДДАЛАР САВДОСИ
“Толибон”нинг Афғонистонда ҳокимиятга келиши мамлакатда гиёҳванд моддалар етиштириш ҳажмининг ошишига олиб келди. 1999 йил 15 окятбрда БМТ Хавфсизлик Кенгаши афюн етиштириш ортгани сабабли хавотир билдирганди.
1996 йилда “Толибон” ҳокимиятга келгач, мамлакатда 2248 тонна героин ишлаб чиқарилган.1999 йилда бу кўрсаткич 4565 тоннага етган. Ўша йили Афғонистон дунёдаги барча героиннинг 79 фоизини ишлаб чиқарган. Толиблар назоратидаги кўкнори майдонлари 57 минг гектардан 91,5 минг гектаргача кенгайган. Деҳқонларга пул эвазига кўкнори экиш таклиф қилинган. Дунё ҳамжамияти босими остида афюн нархининг тушиши ортидан кўкнори майдонларининг қисқартирилиши бўйича талабга деярли амал қилинмаган.
Толибларнинг 10 фоиз даромади кўкнори солиғи 20 фоизи айюн тайёрлаш ва уни сотишдан келган.
2000 йилда эса толибларнинг ўзи кўкнори етиштиришга чеклов қўйган. Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
• “Толибон” шу орқали халқаро майдонлардаги музокараларда ўзини оқлашни мақсад қилган;
• Чеклов халқаро санкцияларнинг юмшатилишига сабаб бўлиши тахмин қилинган. Шу орқали кўкнори етиштиришданда даромадли бўлган транзит савдо масаласи жонланиши режалаштирилган.
Алалоқибат чекловлар самара бериб, 2001 йилда Афғонистонда бор-йўғи 185 тонна афюн ишлаб чиқарган.
“Шимолий Альянс”
1996 йилда Кобул остонасида “Толибон”дан мағлубиятга учраган Аҳмад Шоҳ Масуд мамлакат марказидан шимолга қараб каттагина ҳудудни назоратига олди. Панжшер, Парвон, Каписа, Боғлон, Бадахшон, Тоҳар, Балх, Жаузжон, Фарёб, Қундуз вилоятлари Масуд назоратида қолди. У маркази Базарак бўлган Масудистон деган ҳудудни ташкил этди. Масудистоннинг ўз ҳукумати, пул бирлиги, яхши қуролланган 60 минг кишилик қўшини бўлган. “Толибон”нинг кучайиши унга қарши бўлганларнинг “Шимолий Альянс”га қўшилишига олиб келди. “Шимолий Альянс” Россия, АҚШнинг МРБси ҳамда минтақавий давлатлар билан алоқа ўрнатган ва улардан ёрдам олган.
2001 йил 9 сентябрь куни (АҚШдаги терактдан икки кун олдин) “Шимолий Альянс” раҳбарлари иштирокидаги тадбирга журналист қиёфасида келган ҳудкуш-террорчи бомба портлатиши оқибатида ташкилот раҳбари ҳалок бўлди. Аммо портлаш билан боғлиқ вазият бир ҳафта давомида барчадан яширилди. Аҳмад Шоҳ Масуднинг энг яқин дўстлари ва оиласи ҳам уни яраланган аммо ҳаётий тахлика йўқ деб ўйлади. Бироқ Масуд олган жароҳатларидан вафот этди. Уни 16 сентябрь куни дафн этишди.
Масуднинг ўрнини 44 ёшли Муҳаммад Фахимхон эгаллади. 13 сентябрда генерал Душанбеда Афғонистондаги вазият бўйича зудлик билан йиғилган Эрон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон ва Ўзбекистон вакилларига таништирилди. Шундан кўп ўтмай, “Шимолий Альянс” ва АҚШ кучларининг “Толибон”га ҳужуми натижасида ҳаракат мағлуб этилди ва Масудистон мавжуд бўлишдан тўхтади.
Шу тариқа Афғонистонда урушнинг яна бир даври якунланди. 2001 йилдан кейин эса АҚШ бошлиқ коалиция кучлари Афғонистонда террорга қарши курашиш учун ҳукуматга ёрдам бериб, ҳарбий операциялар ўтказиб келди.
Мавзунинг давомини кузатиб боринг!
LiveБарчаси