Навоий вилоятига янги прокурор тайинланди
Жамият
−
07 Ноябрь 2023
7850Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Азамат Эгамбердиевич Мирзаев Навоий вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Қайд этилишича, Азамат Мирзаев тайинловга қадар Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Қайд этиш керакки, 2020 йилнинг ноябрь ойидан буён Бахтиёр Басимович Аҳмедов Навоий вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётган эди. Бироқ кеча, 6 ноябрь куни йўқ жойдан вилоят прокуратурасининг ҳамда Бош прокуратуранинг Telegramʼдаги расмий каналида “Навоий вилояти прокурори вазифасини бажарувчи Д.Раҳматуллаев томонидан сайёр қабул ташкил қилинди” сарлавҳаси остида хабар эълон қилинди.
QALAMPIR.UZ мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилган.
“Аҳмедов ҳозирда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Шунингдек, ушбу тайинловга қадар вилоят прокурори Баҳодир Аҳмедовнинг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Дониёр Раҳматуллаев Навоий вилояти прокурори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Бундан кўриниб турибдики, вилоят прокурори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Дониёр Раҳматуллаев ўрнига Азамат Мирзаев келган.
LiveБарчаси