Навбаҳор ХТБ бошлиғининг ўлим тафсилотлари маълум қилинди

Жамият

image

Аввалроқ, шу йилнинг 6 сентябрь куни Навоий вилояти Навбаҳор тумани халқ таълими бўлими раҳбари Мадина Атаниязова турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълум бўлишича, 6 сентябрь куни  соат тахминан 20:20ларда Мадина Атаниязова ишдан келиб, қизига янги китоб совға қилади ва эгнидаги кийимларини алмаштириш мақсадида ётоқхонасига киради.

Бироз вақт ўтгач, у ердан бақир-чақир эштилади. Отасининг онасидан навбатдаги пул талаб қилиши деб, жанжални олдини олиш мақсадида Атаниёзованинг 10 ёшли қизи Шаҳноза Раимова қўшнилардан ёрдам сўраб чиқади ва уйга қайтганда қонга беланиб, сув сўраб жон бераётган онаси Мадина Атаниязовага кўзи тушади.

“Келганимда онам сув-сув деб бақирарди. Кейин кўзлари очиқ қолди, юмилмади, лаблари кўкариб, гапирмай қолди”, дейди Мадина Атаниязованинг қизи.

“Икки ойча олдин келганимда эри билан бирга яшарди. Кейин умуман кўрмадим”, дейди марҳуманинг қўшниси Меҳригул Адизова. 

Шу куни воқеа жойига келган қўшнилар дарҳол тез ёрдам ва ички ишлар ходимларини чақирган. Бироқ энди кеч эди. Шу куни уйнинг орқа деворидан аёлнинг ётоқхонасига кирган Шавкат Раимов хотинига 17 марта пичоқ уриб, уйдаги шкаф тортмасидан пулларни олади ва воқеа жойидан дераза орқали қочиб кетади.

“Келишмай қолгандик. У билан гаплашиб олмоқчи эдим. Яхши гаплашмагани учун шундай қилдим. Қилган ишимдан пушаймонман”, дейди Шавкат Раимов.

Мудҳиш қотиллик содир этилган марҳума яшаган маҳаллада 200 дан ортиқ фуқаро иштирокида муҳокама қилинди. Унда сўзга чиққанлар марҳумани масъулиятли раҳбар, иродали аёл сифатида ёдга олди.

Мазкур ҳолат юзасидан Навбаҳор туман прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғаган.

Ҳозирда Навоий вилоят прокуратураси дастлабки тергов ҳаракатларини  олиб борилмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

қотил тергов

Баҳолаганлар

477

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг