НАТОга йўл: Туркия Швеция ва Финляндияга 10 та шарт қўйди
Олам
−
08 Июнь 2022
9115Расмий Анқара Стокгольм ва Хельсинки олдига 10 та шарт қўйди, уларнинг бажарилиши Туркия ҳукуматини Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолигига муносабатини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин. Бу ҳақда бугун, 8 июнь куни “Yeni Safak” газетаси хабар берди.
Жорий йилнинг 25 май куни Анқарада бўлиб ўтган музокаралар чоғида Швеция ва Финляндия вакилларига бир қатор талаблар тақдим этилди. Хусусан, нашрга кўра, ҳар икки давлат террорчилик ташкилотларига қарши курашда Анқарани қўллаб-қувватлашини эълон қилиши ва тегишли қонун ҳужжатларини қабул қилиши керак.
Швеция ва Финляндия ўз ҳудудларида Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси (PKK) билан алоқадор барча ташкилотларни, уларнинг активлари ва медиа манбаларини ёпиши ва қайта очилишига йўл қўймасликлари керак. Бундан ташқари, Анқара Стокгольм ва Хельсинкидан мудофаа саноати маҳсулотларига эмбаргони бекор қилишни ва террорчилар билан алоқадор шахсларни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда.
Туркия ҳукумати, шунингдек, мамлакатлар разведка хизматлари ўртасида терроризмга қарши курашда ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча 25 май куни Анқарада Туркия, Швеция ва Финляндия ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, Туркия Президенти матбуот котиби Ибрахим Калин Туркия Анқара хавфсизликка оид чоралар кўрилмаса, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси олдинга силжимаслигини очиқ айтди.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилиши
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.
29 майга келиб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндия делегациялари билан ушбу мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлиш масаласи бўйича музокаралар натижаларидан норози эканини билдирди.
LiveБарчаси