Туркия Финляндия ва Швециядан нима хоҳлашини айтди

Олам 8331
image

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолик жараёнини давом эттириш учун улар Анқаранинг бу билан боғлиқ хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишнинг аниқ чораларини кўриши керак. Бу ҳақда Туркия Президенти матбуот котиби Иброҳим Калин Анқарада Туркия, Швеция ва Финляндия ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг маълум қилди.

“Туркия Анқара хавфсизликка оид хавотирлари юзасидан маълум муддат ичида аниқ чоралар кўрилмаса, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси олдинга силжимаслигини очиқ айтди”, дейди Президент матбуот котиби.

Калин, шунингдек, музокаралар чоғида Анқарага мудофаа маҳсулотлари етказиб берилишига қўйилган эмбаргонинг бекор қилиниши масаласига “ижобий муносабат” бўлганини қайд этган.

“НАТО бўйича иттифоқчиларнинг бир-бирига қарши санкциялар қўллаши қабул қилиниши мумкин эмас”, дейди Туркия раҳбари вакили.

У Туркиянинг хавфсизлик билан боғлиқ ташвишлари биринчи навбатда мамлакатга қарши террористик кураш олиб бораётган PKK, PYD/YPG, DHKP-C ва FETÖ каби террор ташкилотларининг Европа давлатлари, жумладан Финляндия ва Швециядаги фаолияти билан боғлиқлигини эслатди. Калин, PKK, YPG ва PYD’нинг бир хил террор гуруҳлари эканлигини тушунтирди.

Матбуот котиби PYD/YPG’нинг Сурия шимолида содир этган уруш жиноятлари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Amnesty International ва Халқаро инсон ҳуқуқлари федерациясининг ҳисоботларида ҳам тилга олинганини эслатди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги 10 йил ичида Анқара бир неча бор Швеция ва Финляндияга терроризмни қўллаб-қувватлаган шахсларни экстрадиция қилиш бўйича сўровлар билан мурожаат қилган.

Калин, Туркия 1999 йилги НАТО саммитида иттифоққа аъзолик жараёни билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган тамойил ва тартибларнинг “тўғри татбиқ этилишини” интиқлик билан кутаётганини қўшимча қилди. У, НАТО аъзоларининг хавфсизлик муаммоларини “адолатли” ҳал қилиш кераклигини айтди.

“Туркия НАТОга аъзо бўлган 70 йил давомида альянснинг асосий тамойиллари доирасидаги фаолиятига муҳим ҳисса қўшди. НАТО хавфсизлик иттифоқидир, унга аъзо бўлган давлатлар бошқа аъзо давлатларнинг хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишга ҳисса қўшиши керак. Шундай экан, бу иттифоқнинг энг асосий масаласи аъзоларининг хавфсизлик муаммоларини тенг ва адолатли ҳал этишдир”, дея хулоса қилган Калин.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 май куни Анқарадаги Президент саройида Туркия, Швеция ва Финляндия делегациялари музокара ўтказди. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида, тахминан беш соат давом этди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 3.2
t
×