НАТО Украинани ёлғиз қўймайдиган бўлди: Альянс Шарқий Европага қўшин жойлаштиради
Олам
−
24 Февраль 2022
25342Россиянинг Украинага ҳужуми сабаб юзага келган Европа хавфсизлигига таҳдид ортидан НАТО Шарқий Европада қўшимча ҳарбий кучлар жойлаштириши ҳақида ўз режасини маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни Брюсселда фавқулодда ўтказилган хавфсизлик кенгаши йиғилиши баёнотида сўз борган.
Альянс Россия-Украина ўртасидаги ҳарбий операциялар сабабли қуруқлик, ҳаво ва денгиз кучларини Европанинг шарқий ҳудудлари бўйлаб жойлаштиради.
“Россиянинг ҳаракатлари Евроатлантика хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда ва бу ҳаракатлар геостратегик оқибатларга олиб келади. НАТО барча иттифоқчиларнинг хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлаш учун зарур чораларни кўришда давом этади. Биз альянснинг шарқий қисмига қўшимча мудофаа қуруқлик, ҳаво ва денгиз кучларини жойлаштирамиз. Биз барча кучларимизни кутилмаган фавқулодда вазиятларга қарши шай ҳолга келтирганмиз”, дейилади НАТО эълон қилган мудофаа режасида.
Бундан ташқари, ҳужжатда таъкидланишича, НАТО "бутун иттифоқ ҳудуди бўйлаб вазиятни назоратда ушлаб туриш ва мудофаани янада кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш”га қарор қилган.
"Бугун биз Вашингтон шартномасининг 4-бандига мувофиқ (НАТОга аъзо бир ёки бир нечта мамлакатлар учун хавф туғилган тақдирда маслаҳатлашув йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ) маслаҳат йиғилишини ўтказдик. Биз мудофаа режасига мувофиқ, барча иттифоқчиларни ҳимоя қилиш ва Шимолий Атлатика минтақасида хавфсизликини таъминлаш учун ўз қўшинларимизни иттифоқчи давлатлар ҳудудида сақлаб туришга қарор қилдик. Шу пайтгача биз қўллаётган чора-тадбирлар профилактик, мутаносиб ва кескинлашмаган руҳда эди ва шундай бўлиб қолади ҳам”, дейилади ҳужжатда.
Таъкидланишича, НАТОга аъзо барча давлатлар Россиянинг Украинага ҳужуми билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини муҳокама қилган ва Кремлни зудлик билан ҳужумни тўхтатишга чақирган:
"Биз Россиянинг Украинага қилган даҳшатли ҳужумини қатъий қоралаймиз, бу мутлақо асоссиз ва сабабсиз қўйилган қадам. Биз барча ҳалок бўлганлар, ярадорлар ҳамда бутун Украина халқининг ёнидамиз. Биз ушбу ҳужум бошланишига йўл бергани учун Беларусни ҳам қоралаймиз”.
Бундан ташқари НАТО ўз баёнотида Россия ҳукуматига мурожаат қилган:
“Биз Россияни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга, Украина ҳудуди ва унинг атрофидаги барча кучларни олиб чиқиб кетишга, халқаро инсонпарварлик қонунчилигига тўлиқ риоя қилиш ҳамда барча муҳтожларга гуманитар ёрдам беришда халқаро ташкилотларга тўсқинлик қилмасликка даъват қиламиз”.
LiveБарчаси